"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИ, ЮРТ ТАРАҚҚИЁТИ ЙЎЛИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТАВЕРАДИ


Ўзбекистон Президентининг қатъий сиёсий иродаси билан кейинги вақтларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқариш, 130 дан ошиқ миллат ва элатни ташкил этувчи халқимиз розилиги йўлида қўл урилаётган шиддаткор ислоҳотлар нафақат юртимиз аҳлини, балки кенг халқаро жамоатчиликнинг ҳам юксак эътирофига сазовор бўлмоқда.

Ана шундай энг дадил ва муҳим қадамлардан бири Давлатимиз раҳбарининг “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзо чекиши бўлди.

Дарҳақиқат, ушбу ҳаётбахш ҳужжатни кўпчилик, кўп йиллар ниҳоятда интиқлик ва орзиқиш билан кутганди. Боиси, прописка тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган мазкур Фармон ҳар биримизнинг ўз давлатимиз ҳудудида эмин-эркин ҳаракатланишимиз, яшаш ва ишлаш жойимизни ихтиёрий танлашимиз мумкинлиги баробарида, конституциявий ҳуқуқларимиз оғишмай таъминланишини ҳам кафолатлаб берди.

Мамлакатимизда кейинги вақтларда паспорт тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирлар босқичма босқич, тизимли равишда амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, бу борада тўпланиб қолган бир қатор муаммо ва камчиликлар, айниқса, Тошкент шаҳри ва вилоятида мулкка эгалик қилиш, ишлаш, таълим олиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш ва бошқа шу каби ҳуқуқларнинг маълум маънода чеклангани аҳоли катта қисмининг норозилигига сабаб бўлаётгани айни ҳақиқат эди.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 24 январь куни Парламентга йўллаган Мурожаатномасида мазкур масалага яна бир бор тўхталиб, асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудларимиз ўртасида тафовут мавжудлиги, бунинг ечими – ички миграцияни эркинлаштиришдан иборатлигини қайд этганди.

«Бу масала қандай қийинлигини ҳаммамиз биламиз. 30 йил фуқароларимизнинг оёғига кишан қилиб, бу масалани ҳал қилмадик. Фуқароларимиз Ўзбекистон Республикасининг хоҳлаган жойида пропискадан ўтиб, хоҳлаган жойида ишлашининг қонуний асосини яратмасак, қуруқ гап билан ишлар амалга ошмайди», деган эди жумладан Давлат раҳбари.

“Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон, том маънода, одамларимиз оёғидаги ана шу кишанларни парчалаб ташлаши билан ҳам долзарб аҳамият касб этади.

Унга кўра, “доимий прописка қилиш” ва “турган жойи бўйича ҳисобга олиш” тушунчалари “доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” ва “вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш” тушунчаларига ўзгартирилмоқда. Шу билан бирга, фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда, эгалигида бўлган уй-жой майдонига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш имконияти яратилмоқда.

Фармонга мувофиқ, доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши йўқотилиши тўғрисидаги қоида олиб ташланмоқда. Ўз навбатида, оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши, илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар доимий яшаш учун тегишинча қайтиб келганида, улар ҳеч қандай тўсиқларсиз доимий яшаш жойи бўйича қайта рўйхатга олинади.

Тегишли лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқаролар ҳамда республика даражасидаги бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилган мутахассислар учун лавозимни эгаллаб туриш даврига бериладиган доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш ҳуқуқига бўлган чекловнинг олиб ташланиши эса, юқори малакали кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлади. Республикамизнинг бошқа ҳудудларида рўйхатда турган фуқаролар Тошкент шаҳри ва вилоятидаги янги қурилган уйларни сотиб олиб, уч йил ичида сотган ҳолатларда давлат божининг алоҳида ставкаларини қўллаш амалиёти ҳам бекор қилинмоқда.

Энг катта ўзгариш шундан иборатки, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкка эга бўлишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганининг талаб этилмаслигидир. Шу билан бир қаторда, мамлакатимиз фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турар жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар келгусида идоралараро электрон ҳамкорлик орқали “ягона дарча” тамойили асосида Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширилиши назарда тутилаётгани ортиқча оворагарчиликлар ва бюрократияга чек қўяди.

Шунингдек, Фармон билан доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибини бузганлик ҳолати фуқароларимизни тегишли ҳудуд ва манзилдан чиқариб юбориш учун асос бўлмаслиги, уларнинг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кунга узайтирилгани, рўйхатга олишни расмийлаштириш бир кун ичида амалга оширилиши, мамлакат фуқароларини доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилиниши белгиланмоқда.

Яна бир аҳамиятга молик томони шундаки, фуқароларимизнинг доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтишлари билан боғлиқ барча саъй-ҳаракатлар, шунингдек, бу соҳага боғлиқ фуқаролик муносабатлари замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг имкониятларига таянган ҳолда электрон тарзда амалга оширилиши, бунда тегишли давлат идораларининг ҳаммаси Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилиниши кўзда тутилмоқда.

Фармон билан Ҳукумат зиммасига бир ҳафта муддатда “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш вазифаси ҳам юклатилди.

Ушбу Фармонга асосан, эндиликда фуқароларга прописка фактидан қатъий назар, республиканинг хоҳлаган минтақасида яшаш ва меҳнат қилиш ҳуқуқининг мустаҳкамланаётгани мамлакатимизнинг барча ҳудудларини мутаносиб равишда ривожланиши, пировардида иқтисодиётимиз юксалишида ҳам долзарб ўрин тутади.

Маълумки, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурига мувофиқ, прописка тизимини ислоҳ қилишга доир Ўзбекистон Республикасининг қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳалари ишлаб чиқилиб, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан жорий йилнинг 4-11 апрель кунлари халқимиз ва жамоатчиликнинг онлайн муҳокамасидан ўтказилди.

Шуниси эътиборга лойиқки, ушбу ҳужжатлар муҳокамасида фуқароларимиз кутилганидан ҳам зиёда фаол иштирок этишди, ўз таклиф-мулоҳазаларини баён этиб, бу ислоҳотларни зўр қониқиш ва катта мамнуният билан қўллаб-қувватлашди.

Хулоса шуки, мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳар нарсадан улуғ”, деган устувор ғояга асосланган, халқ фаровонлиги, юрт тараққиётига хизмат қилувчи янги босқичдаги самарали ислоҳотлар изчил давом этаверади.

Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
ижрочи директори