• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

КОРОНАВИРУС ЭПИДЕМИЯСИ ДАВРИДА ХИТОЙ ВА ЕВРООСИЁ МАМЛАКАТЛАРИ ҲАМКОРЛИГИ ҚАЙ ҲОЛАТДА?

Жорий йилнинг 12 август куни Хитой халқаро муаммолар академияси ташаббуси билан “Коронавирус эпидемияси шароитида Хитой ва Евроосиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик: имкониятлар ва муаммолар” мавзусида видеоконференция бўлиб ўтди.

Онлайн тадбирда Хитой, Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон мамлакатларининг нуфузли илмий-тадқиқот институтлари ва йирик ақл марказлари вакиллари, малакали экспертлар, Ўзбекистон томонидан “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этди.

Муҳокамалар марказида пандемия шароитида Хитой ва Евроосиё мамлакатларидаги вазият, унинг халқаро ҳамкорликка таъсири ҳамда келгусидаги халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш каби масалалар бўлди. Конференция иштирокчилари коронавирус эпидемияси Марказий Осиё мамлакатларининг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳолатига чуқур таъсир кўрсатганини таъкидладилар. Баъзи ҳолларда у ижтимоий беқарорлик манбаи бўлиб, хавфсизлик соҳасида ноанъанавий таҳдидларга олиб келди. Экспертларнинг сўзларига кўра, жаҳон иқтисодиётидаги қийинчиликлар ва хом ашёга бўлган талабнинг пасайиши ички иқтисодий қийинчиликларни янада кучайтирди. Бундай шароитда ҳамкорликни ривожлантириш, айниқса, соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги муаммоларни ҳал этишга кўп томонлама ёндашувни қўллаб-қувватлаш зарур. АҚШ минтақада ўз таъсирини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни янада жонлантирди, бу эса, ўз навбатида, рақобатнинг кучайишига олиб келади. Марказий Осиё мамлакатлари экспертлари Хитой билан алоқаларни мустаҳкамлаш ўта муҳимлигини таъкидлаб, рақамли иқтисодиётнинг истиқболлари, молия, ахборот ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини қайд этишди. Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Ўзбекистоннинг пост-эпидемия даврида Хитой билан иқтисодий ҳамкорлиги” мавзусида маъруза қилди.

- Бугунги кунда Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш вазифаларини ҳал этиш, минтақадаги қўшни давлатлар ва дунёнинг етакчи давлатлари билан иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш устувор аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, “Бир макон, бир йўл” кенг кўламли лойиҳаси доирасида Ипак йўлини тиклашда Ўзбекистоннинг иштироки масаласига стратегик вазифа сифатида қаралмоқда.

Таъкидлаш жоиз, эпидемиологик инқирозга қарши курашда Ўзбекистон ва Хитой ўз фуқароларининг саломатлиги учун зарур бўлган барча ресурсларни сафарбар этишга қодир самарали бошқарувга эга масъул давлатлар сифатида ўзининг энг яхши фазилатларини намоён этди.

Айни пайтда Ўзбекистон билан Хитой ўртасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби мавжуд бўлиб, бу ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон-Хитой товар айланмаси ҳажми 2019 йил якунларига кўра 7,6 млрд. долларни ёки Ўзбекистон ташқи савдоси умумий ҳажмининг 18,1%ини ташкил этган. Жорий йилнинг I чорагида эса, ушбу кўрсаткич 1 млрд. 364 млн. доллар, яъни Хитойга Ўзбекистон экспорти 400,8 млн. доллар, Хитойдан импорт эса 963,5 млн. доллар деб қайд этилган.

Республикада 2020 йил бошида Хитой инвестициялари иштирокидаги 1652 корхона (жами соннинг 16 фоизи) фаолият юритмоқда, шундан 531 таси 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, нефть-газ, тўқимачилик, телекоммуникация, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика тармоқлари, кимё саноати ва қурилиш материаллари соҳаларини қамраб олган ва жами 20 мингдан ортиқ иш ўрнини яратган. Шу билан бирга, 120 дан ортиқ корхона – 100% Хитой капитали асосида ишламоқда.

Бундан ташқари, Хитой билан Ўзбекистон учун тобора муҳим бўлган иқтисодий ҳамкорлик соҳаси саноат, транспорт, фармацевтика, телекоммуникация, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида турли лойиҳаларни амалга оширишда ХХРнинг инвестициявий кўмаги ортиб бормоқда, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида Хитой компаниялари иштирокида юқори технологиялар қўшма саноат парклари ташкил этилмоқда.

Коронавирус пандемияси туфайли чекловлар Ўзбекистон-Хитой савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолатига салбий таъсир кўрсатса-да, икки мамлакат ҳукумати ва жамоатчилиги ушбу жараённинг салбий оқибатларини камайтириш бўйича жиддий саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Ҳар икки мамлакат ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кескин камайиб кетишининг олдини олиш, Ўзбекистон-Хитой савдо тузилмасини мақбуллаштириш ва режалаштирилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишни қайта бошлаш бўйича жиддий саъй-ҳаракатларни давом эттиради.

Маърузачининг сўзларига кўра, кейинги йилларда Ўзбекистон ва ХХРнинг айрим ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳажмлари ва йўналишларининг ўсиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда, ўрта муддатда савдо-иқтисодий ва гуманитар саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга эътибор қаратиш фойдали бўлади.

Тадбирда хитойлик олимлар Хитойнинг минтақавий ривожланишга кўмаклашиш, ШҲТ майдонида соғлиқни сақлаш ва экология муаммоларини ҳал этиш, «макон ва йўл» муҳим лойиҳалари бўйича ишларни қисқа муддатда қайта тиклашга тайёр эканини таъкидлаб ўтдилар. Мулоқот давомида Евроосиё маконида ўзгаришга интилиш ёки аҳоли барқарорлигини сақлаб қолиш истаги борлиги, Хитой иқтисодиётининг ички бозорга йўналтирилгани ташқи иқтисодий ҳамкорлик истиқболига қандай таъсир қилиши, минтақадаги давлатлар ўртасидаги муносабатларда муаммоларни профилактик аниқлаш учун стрессларга қаршилик кўрсатишни баҳолаш мумкинми, каби бир қатор саволлар ўртага ташланди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган тадбирда ҳар бир давлат вакилларининг маърузалари тинглангач, пандемия шароитидаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий вазиятдан келиб чиқиб Хитой ва Евроосиё давлатлари ўртасидаги хамкорликни янада кучайтиришга қаратилган таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати