
2021 йилнинг 20 январь куни «Президент Ш.Мирзиёевнинг Парламентга Мурожаати: Ўзбекистонни янада ривожлантириш дастури» мавзусида халқаро онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ва Конрад Аденауэр фонди (Германия)нинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Онлайн-форумда Марказий ва Жанубий Осиё, МДҲ, Европа Иттифоқи, Хитой, Туркия ва Малайзия каби 20 та мамлакат «Ақл марказлари»нинг 30 нафардан зиёд етакчи экспертлари иштирок этдилар.
Тадбирда Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда «Тараққиёт стратегияси» маркази раҳбарлари ва соҳа мутахассислари қатнашдилар.
Мулоқот чоғида Ўзбекистоннинг таҳлилий ва илмий-тадқиқот марказлари вакиллари республикада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самаралари, шунингдек Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасида белгилаб берилган мамлакатни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида маъруза қилдилар.
Маърузаларда Давлат раҳбарининг давлат ва жамият қурилиши, қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий сиёсат, очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсат юритиш соҳалари борасидаги ташаббус ва таклифларининг мазмун-моҳияти батафсил очиб берилди.
Форум иштирокчиларига «Тараққиёт стратегияси» маркази ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан тайёрланган Ўзбекистоннинг стратегик ривожланиш курсини амалга оширишнинг амалий натижалари, Давлат раҳбари Мурожаатномасидаги асосий қоидаларнинг мазмун-моҳиятини ўзида акс эттирувчи тақдимот материаллари тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов халқаро давра суҳбатини очиб берар экан, Мурожаатноманинг давлат ҳокимияти олий органи фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги, унинг халқимизга ҳисобдорлигини таъминлашнинг муҳим механизми сифатидаги сиёсий-ҳуқуқий хусусиятига эътибор қаратди.
Давлат раҳбарининг мурожаат қилиш амалиёти – халқ билан тўғридан-тўғри ва ишончли мулоқот ўрнатиш, мамлакатни ривожлантириш борасидаги энг долзарб масалаларни ҳал этиш мақсадида жамият ҳамда давлатни мустаҳкамлаш ва сафарбар этиш, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий онги ва фуқаролик фаоллигини оширишнинг муҳим воситаси экани алоҳида эътироф этилди.
Ўзаро мулоқотда мазкур Мурожаатноманинг структураси, ўзига хос хусусиятлари алоҳида очиб берилди. Таъкидландики, Мурожаатнома 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш Стратегиясининг ижроси натижаларини батафсил таҳлил қилинган ҳолда, ўз ғоя ва таклифларини оммавий ахборот воситаларида чоп этган олимлар, тадқиқотчилар, журналист ва блогерларнинг фикрларини ўрганиш асносида тайёрланди. Бундан ташқари, унда тадбиркорларнинг таклифлари, фуқароларнинг Президент виртуал қабулхонасига мурожаатлари ҳам эътиборга олинди.
А.Неъматов таъкидлаганидек, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, Мурожаатномада келтириб ўтилган жамиятнинг барча қатламларидаги мавжуд долзарб масалалар, эҳтиёжлар, қизиқиш ва манфаатлар, бевосита аҳоли билан кенг мулоқот механизмларини йўлга қўйиш орқали шакллантирилди.
СМТИ экспертининг эътироф этишича, Давлат раҳбарининг парламентга Мурожаати анъанавий тарзда кенг қамровли бўлиб, айни пайтда очиқ ва аниқ характерга эга: унда Президент томонидан ислоҳотларнинг ўтказилишига тўсиқ бўлаётган ўткир муаммолар кўтарилган, уларни ҳал этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган, шу билан бир қаторда, аҳолини ташвишга солаётган ижтимоий-иқтисодий соҳа масалалари ҳам Давлат раҳбарининг эътиборидан четда қолмаган.
Дарҳақиқат, А.Неъматов қайд этганидек, Президент Ш.Мирзиёев шунчаки тинглаш билан кифояланиб қолмайди, балки ҳар бир фуқаронинг муаммо ва таклифларини эшитади, унинг орзу ва истакларига муносиб жавоб қайтаради.
Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиёдаги ваколатли вакили Ронни Ҳайне тадбир иштирокчиларини қутлаб, 2017 йилдан буён Президент Ш.Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлиги остидаги Ўзбекистон ҳукумати мамлакат модернизацияси йўлида собитқадамлик билан одимлаётгани, жаҳон миқёсида юксак эътирофга лойиқ кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошираётганига урғу берди.
Р.Ҳайне Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсати Конрад Аденауэр фонди томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини билдириб, немис томони мамлакат тараққиётининг барча устувор йўналишлари бўйича Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Россия стратегик тадқиқотлар институти директори Михаил Фрадков давра суҳбати иштирокчиларига мурожаат қила туриб, Ўзбекистон раҳбари томонидан тақдим этилган янги кенг кўламдаги вазифалар давлат фаолиятининг барча соҳаларида илгари қабул қилинган туб ўзгаришларнинг стратегик дастурларини изчил тўлдириб, янада чуқурлаштираётганини алоҳида эътироф этди.
РСТИ директорининг фикрича, мурожаатда иқтисодиёт, молия ва банк соҳасини янада ривожлантириш ҳамда ижтимоий, ички сиёсатни такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари шакллантирилган.
Шу билан бирга, М.Фрадков таъкидлаганидек, буларнинг барчаси халқнинг моддий фаровонлиги даражасини ошириш, аҳолининг турли қатламлари ва тоифалари дуч келаётган муаммоларга ҳокимликларнинг эътиборини кучайтириш, миллат саломатлиги ва таълимига ғамхўрлик қилиш ҳамда ёшлар тарбиясига қаратилган.
Россиянинг етакчи таҳлил маркази раҳбари ҳозирги мураккаб халқаро вазият, пандемия ва глобал инқирозга қарамасдан, белгиланган режалар ва жиддий инновацион ёндашувларнинг амалга оширилиши Ўзбекистон халқининг замонавий, очиқ, эркин, ижтимоий йўналтирилган, фаровон жамият барпо этиш йўлида янада муваффақиятли ҳаракатланишини таъминлашига ишонч билдирди.
РСТИ раҳбари Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги мавқеи изчил равишда ошгани, унинг етакчи халқаро ташкилотлар, хусусан Марказий Осиёда обрў-эътиборининг янада юксалганини таъкидлаб ўтди. Шу нуқтаи назардан, М.Фрадков таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг МДҲга раислик тажрибасидаги илк муваффақият, 2021–2022 йилларда ШҲТ йиғилишига ҳам раислик қилиш имконини беради.
М.Фрадков Ўзбекистон Республикаси раҳбариятининг Россия Федерацияси, шунингдек Хитой, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлар билан дўстона муносабатларни ҳар томонлама ривожлантиришни мақсад қилганлигини мамнуният билан эътироф этди.
Буюк Британия сиёсий доиралари Президент Ш.Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастурини илгари суришда ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканлигини Лордлар палатаси аъзоси, барон Моҳамад Шайх ҳам таъкидлаб ўтди.
Давлат раҳбарининг Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳаларини модернизация қилиш ва либераллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берар экан, Буюк Британия Лордлар палатаси аъзоси парламентаризмни янада ривожлантириш, аёлларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш, суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, таълим сифатини яхшилаш, айниқса ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш борасидаги ташаббусларнинг долзарблигига алоҳида тўхталди.
М.Шайх Ўзбекистонда мутлақо янги сиёсий ва ишбилармонлик муҳитининг шаклланаётгани, ўз навбатида, турли мамлакатлар инвесторлари, сайёҳлари, олимлари наздида давлатнинг жозибадорлигини янада ошираётганини таъкидлади. Британиялик сиёсатчи хорижий инвесторлар учун турли соҳаларда, жумладан қишлоқ хўжалиги, энергетика, яшил иқтисодиёт, туризм, банк соҳаларида янгидан-янги имкониятлар яратилаётганига алоҳида эътибор қаратди.
Россия Фанлар Академиясининг Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро алоқалар институти қошидаги постсовет тадқиқотлари Маркази директори Эдуард Соловьев ҳам юқоридаги фикрларга қўшилишини билдириб ўтди. Унинг фикрига кўра, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ўзига хослиги уларнинг уйғунлигида, ўзгаришларнинг кенг қамровли хусусиятга эга эканлигидадир.
Нафақат замонавий тараққиёт тенденцияларини ҳар томонлама ҳисобга олиш, балки маданий-тарихий меросни қайта тиклаш, ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг ўзаро уйғунлашуви, халқ билан мулоқотнинг самарали механизмини яратиш Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини амалга оширишнинг асосий кафолати ҳисобланади.
Россиялик экспертнинг таъкидлашича, бу, албатта жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга, энг аввало, бизнес муҳитини яхшилаш ва аҳоли турмуш сифатини оширишга ижобий туртки беради.
Пешовар университети Минтақавий тадқиқотлар маркази директори Шабир Аҳмад Хоннинг сўзларига кўра, Президент Ш.Мирзиёев мамлакатни ислоҳ қилиш ва ўзгартириш йўлида «инқилобий» чораларни кўрмоқда. Унда Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, қишлоқ жойларда аҳоли турмуш даражасини ошириш, қашшоқликни қисқартириш, коррупцияга барҳам бериш каби соҳаларда улкан мақсадларга эришиш кўзда тутилган.
Шабир Аҳмад Хоннинг таъкидлашича, Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва барқарор ривожланишига ижобий таъсир кўрсатаётган, Евроосиёда ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун, айни пайтда мисли кўрилмаган истиқболга эга бўлган Ўзбекистонда кенг кўламли ижобий ўзгаришлар юз бераётганига Бутунжаҳон ҳамжамияти ҳам гувоҳ бўлмоқда.
Шунингдек, эксперт Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорликни янада кенгроқ ривожлантириш учун Марказий Осиё мамлакатларини Ҳинд океани, жумладан, Гвадар ва Карачи портларига чиқишини таъминловчи минтақавий транспорт логистика тизимини такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттириши зарурлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, Пешовар университети олими сўзларига кўра, Президент Ш.Мирзиёев томонидан йўлланган Мурожаатномада белгиланган барча вазифалар қийинчиликларга қарамай, ички ва ташқи сиёсат учун танланган стратегик йўналишни изчил давом эттиришда қатъий сиёсий иродани намоён этади. Бу, Ўзбекистон ўз олдига қўйилган мақсадларига, албатта эришишига ишонч туғдиради.
Тадбир давомида хорижий экспертларга Президент Ш.Мирзиёев томонидан Мурожаатномада билдирилган вазифалар, ташаббус ва таклифларни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган 2021 йилги Давлат дастури лойиҳаси тақдим этилди. Тадбирда хорижлик ҳамкорлар ушбу ҳужжат билан батафсил танишиб чиқиб, эксперт сифатида ўз қарашлари ва таклифларини билдиришлари мумкинлиги, бу, ҳужжатни қайта ишлаш жараёнида, албатта ҳисобга олиниши қайд этилди.
Тадбир якунида юқорида қайд этилган долзарб масалалар юзасидан қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди. Иштирокчилар Мурожаатнома мамлакат тараққиётининг стратегик тафаккурини акс эттирувчи кенг кўламли дастурий ҳужжат бўлиб, унда Ўзбекистон Президентининг барча устуворликлари тизимида инсон манфаатлари ва фаровонлиги биринчи ўринда туришини бир овоздан маъқулладилар. Қайд этилганидек, Давлат раҳбарининг мамлакатни модернизация қилиш борасидаги стратегиясининг бетакрорлиги ўзига хос бўлиб, у аҳоли ўртасида ҳам кенг қўллаб-қувватланмоқда.