
Шуҳрат ДЕҲҚОНОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директорининг маслаҳатчиси – Ахборот ва жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси бошлиғи.
Давлат раҳбарининг Парламентга йўллаган бу галги Мурожаатномаси ҳам кутганимиздек, кенг кўламдаги мазмун-моҳиятга эгалиги, мамлакатимиз ва халқимизнинг миллий манфаатларини таъминлашга қаратилган креатив ғоя ва ташаббуслар илгари сурилгани билан ҳам юртдошларимиз ва халқаро жамоатчиликнинг катта қизиқишига сабаб бўлди.
Эътибор бериб қарайдиган бўлсак, Мурожаатномада қайд этилган фикр-мулоҳазалар, белгилаб берилган вазифалар қайси соҳа ва тармоққа тааллуқли бўлмасин, уларнинг барчасини замирида, энг аввало, фуқароларимизнинг Коснтитуцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тўлиқ таъминлаш ғояси мужассам эканини англаймиз.
Дарҳақиқат, кейинги вақтларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бу борадаги халқаро стандартларни миллий қонунчилигимизга босқичма босқич имплементация қилган ҳолда изчил ва тизимли равишда амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, ҳозирга қадар Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги 80 дан ортиқ халқаро ҳужжат нормалари миллий қонунчилигимизда ўз аксини топганини кўриш мумкин. Шунингдек, мамлакатимиз БМТнинг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузалар тақдим этиб келинмоқда.
2020 йил июнь ойида қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси эса, ушбу соҳада давлат сиёсатининг янада самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи янада юксалишига, ўз навбатида, юртимизнинг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилмоқда.
Янги Ўзбекистон сифатида дунёда эътироф этилаётган мамлакатимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлгани эса, нафақат юртимиз, балки дунё миқёсида ҳам катта тарихий воқелик сифатида қарши олингани бежизга эмас.
Дарҳақиқат, инсоннинг фуқаролик, шахсий, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида мамлакатимизда босқичма босқич амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг халқаро ҳамжамият томонидан ҳам ҳақли равишда эътироф этилаётгани олиб борилаётган очиқ ва прагматик ташқи ва ички сиёсатнинг нақадар тўғри эканидан яна бир далолатдир.
Яқинда АҚШ давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилгани ҳам кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг олий минбаридан илгари сурган, устувор мақсади инсон ҳуқуқ-манфаатларини рўёбга чиқариш бўлган глобал ва минтақавий ташаббусларнинг дунё ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланаётгани ва ҳаётга жорий этилаётгани эса, барчамизга чексиз фахр ва ифтихор бахш этади, албатта.
Ўз навбатида, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном олган 2021 йилда ҳам бутун халқимиз, айниқса, эртанги кунимиз эгаси бўлган ёш авлоднинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга ошириб келинаётган, ортга қайтмайдиган ислоҳотлар изчил давом эттирилиши Мурожаатномада қатъий баён этилди.
Бошқача айтганда, айни вақтга қадар ҳам мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида ҳавас қилса арзигулик юксак эътибор ва ғамхўрлик бу йил янада юқори босқичга олиб чиқилиб, ёшларга оид давлат сиёсати янги ва замонавий тамойилларга таянган ҳолда давом эттирилади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш ўринли, бу соҳада Ўзбекистоннинг бутун жаҳон ёшларининг ҳуқуқ-манфаатларини кўзлаб илгари сураётган ташаббуслари алоҳида аҳамиятга молик. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан айни даврда инсоният тарихидаги энг кўп ёшлар қатлами билан яшаётганимизни инобатга олган ҳолда, БМТ минбарида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш таклифи халқаро ҳамжамият томонидан илиқ қаршиланди. Ўзбекистон раҳбари бу ташаббусни бугун дунё миқёсида ёшларнинг сони икки миллиарддан ортиб кетгани, халқаро терроризм ва эсктремизм шиддат билан ўсиб бораётган бир пайтда ёшларга ҳимоя зарурлигини муҳим омиллар сифатида асослаб берди.
Шу билан бирга, суд-ҳуқуқ соҳасида эришилаётган салмоқли натижалар ҳам инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муҳим омиллардан бири эканини қайд этиш лозим. Одил судловга эришиш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, шу жумладан, жиноий жазоларни либераллаштириш соҳасидаги тизимли ислоҳотлар самарасини биргина 2020 йилнинг ўзида судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланганида ҳам кўриш мумкин. Шунингдек, ўтган йили жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган 616 нафар фуқаро афв этилиб, 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилгани фикримиз далилидир.
Жорий йилда фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, онлайн тартибда мурожаат қилиш, ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориш имконияти яратилиши, жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилиб, 25 та манзил-колонияларнинг босқичма-босқич қисқартирилиши назарда тутилаётгани ҳам халқаро талабларга тўла жавоб бера оладиган чоралардир.
Шунингдек, қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш, 2005 йилгача мамлакатимизга келиб доимий истиқомат қилаётган ҳамда юртимизда 15 йил давомида муқим яшаган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини бериш масаласи эса, яна 20 минг кишининг қувонч кўз ёшларига сабаб бўлиши шубҳасиз.
Мухтасар айтганда, кириб келган 2021 йил инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқариш, халқимиз учун муносиб турмуш даражасини таъминлаш, жамият фаровонлигини мустаҳкамлаш, демократик ислоҳотлар самарадорлигини ошириш йўлида баракали йил бўлади, дея умид қиламиз ва бунга ишонамиз.
Ушбу жараёнларда “Тараққиёт стратегияси” маркази жамоаси ҳам бор куч ва имкониятларини сафарбар этиб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг кафолатларини кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлашга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатларда ташаббускорлик ва фаоллик билан иштирок этишни мақсад қилган.