• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

АЁЛ БАХТИ – ХАЛҚИМИЗ ВА ЖАМИЯТИМИЗ БАХТИДИР


Аёл — оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки. Аёллар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир. Хотин-қизлари эъзозланган, қадрланган юртнинг эса бугуни ва эртаси фаровон. Чунки аёл меҳнати билан жамият тўлақонли ривожланади, тараққий этади.

Шу боис мамлакатимизда хотин-қизларга муносиб шарт-шароитларни яратиб бериш, уларни ҳаётдан рози бўлишларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда унинг асосида ҳар йили қабул қилинаётган Давлат дастурларида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини кучайтириш, хотин-қизлар, касб-ҳунар коллежи битирувчи қизларининг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, оила асосларини янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти ҳамда бу борада кўплаб чора-тадбирлар белгиланиб, уларнинг ижроси изчил таъминланмоқда.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Бугунги кунда мамлакатимизда эркаклар ва хотин-қизларга тенг ҳуқуқ ва имкониятларни яратиш, гендер тенгликни таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди. Юртимизда аёл раҳбарлар — вазирлар, ҳокимлар, ишлаб чиқариш бирлашмалари, банк ва компаниялар раислари, ҳуқуқ-тартибот идораларида, Қуролли Кучларимиз таркибида масъул вазифаларда хизмат қилаётган опа-сингилларимиз сони ортиб бормоқда.

Хотин-қизлар ҳам зиммаларидаги масъулиятни тўлиқ ҳис этиб, қайси соҳада бўлмасин, самарали меҳнат қилиб, юрт равнақи, халқ фаровонлигига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.

Таъкидлаш лозим, бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Сенатда эса, бу кўрсаткич қарийб 25 фоизга етди. Маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 31 фоизи ҳам фаол аёллардан иборат. Ана шундай натижалар туфайли Ўзбекистон парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-поғонага кўтарилди. Ҳолбуки, бундан 5 йил илгари 128-ўринда эди.

Шу билан бирга, оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Маълумки, бугунги кунда хотин-қизлар манфаатларини оила, маҳалла ва жамият манфаатларидан ажратган ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Ана шу масалаларни комплекс ҳал этиш, бу борада давлат сиёсатини янада юқори босқичга кўтариш янги вазирликнинг асосий вазифаси сифатида белгиланди.

Бугунги кунда хотин-қизларнинг ижтимоий турмушини яхшилаш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, республикамизнинг барча ҳудудларида Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилди. Бугунги кунда улар томонидан 28 мингга яқин опа-сингилларимизга тадбиркорлик, ҳунармандлик, касбга қайта тайёрлаш, бандликни таъминлаш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Шунингдек, беш муҳим ташаббус доирасида 21 минг 500 нафар қиз қисқа муддатли касб-ҳунар курсларида ўқитилди. Ана шундай имкониятлар туфайли тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган аёллар сони бир йилда қарийб 45 минг нафарга кўпайиб, улар томонидан минглаб янги иш ўринлари барпо этилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ҳар йили республика бўйича мингдан зиёд оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бўлган, уй-жойга муҳтож хотин-қизларга берилган уйларнинг 10 фоизлик бошланғич бадал тўловлари тўлаб берилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, хотин-қизлар ҳамиша давлат эътиборида, эъзозу ардоғида. Чунки аёл ўзини бахтли ҳис қилса, жамият бахтли бўлади, оилада маънавий муҳит барқарорлиги таъминланади.    

Фурсатдан фойдаланиб, “Тараққиёт стратегияси” маркази жамоаси Ўзбекистон хотин-қизларини гўзаллик ва нафосат айёми — 8 март Халқаро хотин-қизлар куни билан муборакбод этади. Барча опа-сингилларимизга тинчлик-хотиржамлик, мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат тилайди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.