• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

2021 ЙИЛГИ ДАВЛАТ ДАСТУРИ АМАЛДА: ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ТИЗИМИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШАДИ


2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида
 
жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ вазифалар белгиланган бўлиб, мазкур чора-тадбирлар ҳар йили қабул қилинаётган Давлат дастурларида ўз аксини топмоқда ҳамда уларнинг ижроси изчил таъминланмоқда.

2021 йилнинг 26 март куни қабул қилинган “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони мазкур вазифалар ижросида муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур Фармон 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 32-банди ижросини таъминлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Мазкур бандда аҳоли осойишталигини таъминлаш ва маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизим жорий қилиш ишларини фаоллаштириш белгиланган. 

Фармонга кўра, ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга оид муаммолар бевосита жойларнинг ўзида ҳал этилади. Ички ишлар органларининг таянч пунктлари негизида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилади.

Бундай масканлар дастлаб Тошкент шаҳрида намунавий тарзда ташкил этилади. Тошкент ва Самарқанд вилоятларида 2021 йил 1 июнгача профилактика инспекторига масофадан туриб мурожаат юбориш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш имконини берувчи “Smart маҳалла” ахборот дастури яратилади. Мазкур ахборот дастури жорий йил якунига қадар республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ишга туширилади.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги тузилмасида:

– Жиноят қидирув бош бошқармаси;

– Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси;

– Тезкор-қидирув ҳамкорлиги бошқармасини ўз ичига оладиган Тезкор-қидирув департаменти;

– Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси;

– Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси;

– Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси;

– Пробация хизматини ўз ичига оладиган Жамоат хавфсизлиги департаменти;

– Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси;

– Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармасини ўз ичига оладиган Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ташкил этилади.

Фармонда Кадрлар бош бошқармаси, Маънавий-маърифий ишлар бошқармаси, касбий тайёргарлик бошқармасини ўз ичига оладиган Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти, Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар маркази (Бош прокуратуранинг Жиноий-ҳуқуқий статистика бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари тугатилди), Жамоат хавфсизлиги масалалари илмий-амалий тадқиқотлар маркази тузилиши ҳам белгиланган.

Шу билан бирга, Жазони ижро этиш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти этиб қайта ташкил этилди. Ҳудудий ички ишлар органларининг тузилмасида ички ишлар органлари бошлиқларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича, пробация ва жазони ижро этиш масалалари бўйича ўринбосари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси (бўлими) бошлиғи лавозимлари тугатилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.