• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Ўзбекистон ва Қозоғистон ёшлари иштирокида минтақавий форум ташкил этилди

Жорий йилнинг 16-17 ноябрь кунлари “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Фридрих Эберт Фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ўзбекистонлик ва қозоғистонлик ёшлар иштирокида “Марказий Осиё ва глобал дунё: ёшлар истиқболи” мавзусида минтақавий форум ташкил этилди.
Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Доктор Тило Клиннер ҳамда Фридрих Эберт фонди минтақавий директори Кристоф Мор ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, Марказий Осиёдаги атроф-муҳит муаммолари, Марказий Осиё – Европа ҳамкорлиги ҳамда глобал муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан маъруза билан чиқиш қилишди.
Жумладан, Доктор Тило Клиннер ўз маърузасида Марказий Осиёнинг ўзига хос географик ўринга эга эканлиги, Минтақанинг Евроосиё марказида жойлашганлиги ва катта транзит салоҳияти мавжудлигига алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан: “Темурийлар ҳукмронлиги даврида Марказий Осиё дунёдаги йирик маданий марказлардан бири бўлган. Ҳозирда ҳам минтақа катта потенциалга эга. Шу боисдан ундан тўғри фойдаланиш зарур. Бунинг учун эса давлатлар ўртасида интеграцион жараёнларни чуқурлаштириш керак” – деди Тило Клиннер.
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан интеграцион жараёнлар янада жадаллашганлиги, кўплаб масалалар минтақа давлатлари раҳбарлари билан биргаликда ҳал этилаётганига эътибор қаратди. У ўз маърузасида Ўзбекистон етакчиси томонидан нафақат мамлакат ва минтақада, балки бутун дунё миқёсида ёшлар масаласи кўтарилаётгани алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Форум доирасида ташкил қилинган икки кунлик семинар ва давра суҳбатларида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларида фаол бўлган ёшлари қўшни қозоғистонлик тенгдошлари билан Маркааий Осиё давлатлари ўртасида икки ва кўп томонлама савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларнинг истиқболлари, шунингдек, минтақага глобал иқлим ўзгариши ва бошқа шу каби муаммоларнинг таъсири ҳамда уларнинг ечими юзасидан фикр алмашиб, ўз билим ва кўникмаларини бойитишди. Тадбир ташкилотчилари томонидан Марказий Осиёнинг фаол ёшлари ўртасида доимий мулоқотни таъминлаш ва унга кўмаклашиш, шунингдек, шу каби “халқ дипломатияси” механизмларидан барқарор ривожланиш мақсадларида самарали фойдаланишга қаратилган минтақавий тадбирларни доимий асосда ташкил этиш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди. 

“Тараққиёт стратегияси” маркази 
Ахборот хизмати