• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ТАҲЛИЛИЙ МАРКАЗ – «EUROPEAN POLICY CENTER»НИНГ ТАЖРИБАСИ ЎРГАНИЛДИ

2022 йилнинг 8 март куни Брюсселда «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ва ЮСАИД (USAID)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси аъзолари European Policy Center (EPC) вакиллари билан учрашув ўтказдилар.

Маълумот учун: EPC – бу Европа Иттифоқи сиёсатини ишлаб чиқишда ҳамкорлар, манфаатдор томонлар ва фуқаролик жамиятини жалб қилиш тўғрисида қарор қабул қилишда таҳлил ва тадқиқотлар орқали Европа интеграциясини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган мустақил нотижорат таҳлилий марказ.

Сиёсий таҳлилчи Аманда Паулнинг таъкидлашича, EPC 1996 йилда Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг сиёсий институтлар билан фикр алмашиш ва қўшма сиёсий тавсияларни ишлаб чиқиш учун қарор қабул қилувчилар ва фуқаролик жамияти ўртасидаги фарқни бартараф этишга ёрдам бериш мақсадида таҳлилий марказ ўлароқ ташкил этилган. EPC тадқиқот гуруҳи 23 мамлакатда 60 дан ортиқ таҳлилчиларга эга.

EPC ҳар йили турли хил тадқиқот йўналишларига бағишланган 100 дан зиёд рисолалар чоп этади ва Белгия ҳукуматига ҳисобот беради.

Бундан ташқари, EPC вакили таъкидлаганидек, таҳлилий марказ Coca-Cola, Microsoft, Apple каби машҳур корпорация ва компаниялар билан ҳам ҳамкорлик қилади, ушбу компаниялар марказнинг тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаб келади. Бироқ, EPC вакилининг сўзларига кўра, ушбу қўллаб-қувватлашлар таҳлилий марказнинг тадқиқотлари ва нашрлари натижаларининг мустақиллиги ва холислигига ҳеч қандай акс таъсир кўрсатмайди.

Учрашув чоғида «Тараққиёт стратегияси» маркази директори Э.Туляков иштирокчиларни 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг асосий йўналишлари, мазмун-моҳияти, амалга оширилаётган тадқиқотлар ва «Тараққиёт стратегияси» маркази фаолияти билан батафсил таништириб ўтди.

Муҳокамаларда фуқаролик жамиятини сиёсий қарорлар қабул қилишга жалб этиш жараёнларини ўрганиш, ўтказилган таҳлил ва тадқиқот усулларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришнинг янги босқичи ҳақида ҳам сўз борди.

Шунингдек, учрашув давомида Ўзбекистон делегацияси сафардан кўзланган мақсад – дўстона алоқаларни ўрнатиш ва Европанинг «ақл марказлари» билан ҳамкорликни йўлга қўйиш эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Учрашув якунида томонлар алоқаларни мунтазам давом эттиришга келишиб олдилар ва фуқаролик жамиятини сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнига жалб этиш бўйича тажриба алмашишга тайёр эканликларини билдирдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати