• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

БЕЛЬГИЯНИНГ ЕТАКЧИ «АҚЛ МАРКАЗИ» БИЛАН АЛОҚА ЎРНАТИЛДИ

2022 йилнинг 8 март куни Брюсселда «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ва ЮСАИД (USAID)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси аъзолари Center for European Policy Studies (CEPS) раҳбарияти билан учрашув ўтказди.

Таъкидлаш жоизки, CEPS Европанинг етакчи ақл маркази саналиб, мунозаралар учун платформа яратади, шунингдек молия, рақамли иқтисодиёт, савдо, энергетика, иқлим ўзгариши, таълим ва инновациялар, ташқи сиёсатдан тортиб, то Европа интеграцияси жараёнларига қадар кенг кўламли тадқиқотларни олиб боради.

CEPS маркази директори Стивен Блокманснинг сўзларига кўра, 120 та корпоратив ва 100 та институционал аъзолардан иборат бўлган жамоа экспертлар фикрини, шунингдек сиёсий таклифлар учун ғоялар тақдим этади. Шу билан биргаликда, марказ ландшафт ва иқлим ўзгариши, капитал бозори ва кредитлашга қаратилган тадқиқотларда ҳам фаол иштирок этади, сиёсий институтлар ва хавфсизлик масалалари билан шуғулланади.

CEPS турли манбалардан, жумладан корпоратив ва институционал аъзолик бадаллари, илмий лойиҳалар, грантлар ва ҳ.к.лар ҳисобидан молиялаштирилади.

CEPS вакилининг таъкидлашича, марказ турли йўналишларда тадқиқотлар олиб бориш учун катта имкониятларга эга.

Учрашувда «Тараққиёт стратегияси» маркази директори Э.Туляков CEPS вакилларини Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган асосий ислоҳотлар ва 2022–2026 йилларда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида режалаштирилган ислоҳотлар билан батафсил таништириб ўтди.

Муҳокамалар чоғида таҳлил марказининг парламентар ва давлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигининг белгиланган амалиёти, таҳлил усулларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон томони сафардан кўзланган асосий мақсад ва ҳамкорликнинг кейинги йўналишлари бўйича ўз таклиф-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни йўлга қўйиш, мустаҳкам алоқаларни ўрнатишга ва келгусида муқобил энергия, иқлим ўзгариши ҳамда барқарорликни таъминлаш бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказишга келишиб олдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати