• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
БЕШ ТАШАББУС ОЛИМПИАДАСИ – ЁШЛАРНИ БИРЛАШТИРИШДА МУҲИМ ОМИЛ
34965 | 14 Апр. 2022 й.

Анваржон Миркомилов,
“
Тараққиёт стратегияси” маркази
бош мутахассиси


Сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, спорт билан шуғулланадиганларнинг сонини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, охирги беш йил ичида ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб қилиш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида жами 10 824 214 киши,  шундан 3 893 452 нафари хотин-қизлар ёки аҳолининг 27,6 фоизини оммавий спорт билан қамраб олишга эришилди.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган фуқароларнинг сонини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 67-мақсадида ҳам ўз аксини топган. Хусусан, унда жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли сонини 2026 йилда 33 фоизга етказиш, ёшлар ўртасида миллий спорт турларини оммалаштириш, миллий олимпиада спорт ўйинларини ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, уни юқори даражада ташкил этиш ҳамда ғолиб ва совриндорларни муносиб рағбатлантириш вазифалари белгиланган.

2022 йилнинг 11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Мазкур қарор билан қуйидагилар оммавий спортни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари сифатида белгиланди:

– маҳаллаларда оммавий спорт билан шуғулланиш учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва спорт иншоотларини замонавий спорт жиҳозлари билан таъминлаш, шунингдек имконияти чекланган ёшлар учун тегишли спорт инфратузилмасини яратиш;

– aҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш;

– оммавий спорт билан мунтазам шуғулланувчи оилаларга маҳаллалар ва истироҳат боғларида шароит яратиш ва оилавий спортни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш;

– ўқувчилари ғолиб ва совриндор бўлган умумий ўрта таълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ва спорт-таълим муассасаларининг тренерлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш.

2022 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда 30 июнь – Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни ҳамда декабрь ойида ўтказиладиган “Ёшлар форуми” доирасида спортнинг футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол тенниси, стритбол, воркаут турлари бўйича беш босқичли оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш тизими жорий этилади.

Биринчи босқичда – кўчалараро маҳалла мусобақалари, иккинчи босқичда – маҳаллалараро сектор мусобақалари, учинчи босқичда – сектор мусобақаларида ғолиб бўлган маҳалла жамоалари ўртасида туман (шаҳар) мусобақалари, тўртинчи босқичда – туман (шаҳар) мусобақалари ғолиб маҳалла жамоалари ўртасида вилоят мусобақалари, бешинчи босқичда – вилоят мусобақаларида ғолиб бўлган маҳалла жамоалари ўртасида республика (финал) мусобақаларини ташкил этиш белгиланди. Шунингдек, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида китобхонлик, маданият ва санъат, интеллектуал ўйинлар, ахборот технологиялари ҳамда спорт турлари ўтказилади.

Мазкур қарор билан 2023 йил 1 мартдан бошлаб олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақаларини ўтказиш тизими жорий қилиш белгиланди. Биринчи босқичда – туман (шаҳар), иккинчи босқичда – вилоят,  учинчи босқичда – республика (финал) мусобақалари ташкил этилади.

Хужжатга биноан, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги спорт мусобақаларини тизимли ташкил этиш ва ўтказиш учун Давлат бюджетидан 2022 йилдан бошлаб ҳар йили 50 миллиард сўм миқдорда маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Қарорнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, болалар-ўсмирлар спорт мактаби директорининг оммавий спортни ривожлантириш ва селекция бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш вазифаси белгиланди.

Ўз ўрнида айтиш жоизки, ҳужжатга мувофиқ “Беш ташаббус олимпиадаси” ҳамда олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақалари давомида ғолиб ва совриндорларни (1-3 ўрин) тайёрлаган умумий ўрта таълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ва спорт-таълим муассасаларининг тренерлари малака аттестациясига жалб этилмайди ва уларга тўғридан-тўғри малака тоифалари берилади.

Жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ҳамда таниқли ва фахрий спортчилар томонидан 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларнинг қизиқишлари, талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда камида битта спорт тури бўйича тўгарак фаолияти йўлга қўйилади.

Қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш натижасида маҳаллаларда оммавий спорт билан шуғулланиш учун моддий-техник база мустаҳкамланади, спорт иншоотлари замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланади, имконияти чекланган ёшлар учун тегишли спорт инфратузилмаси яратилади, оммавий спорт билан мунтазам шуғулланувчи оилаларга маҳаллалар ва истироҳат боғларида шароит яратилади, умумий ўрта таълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ва спорт-таълим муассасаларининг тренерларини муносиб рағбатлантириш механизми йўлга қўйилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қабул қилинган қарор мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳолининг ортишига ҳамда жисмонан соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш учун хизмат қилади.


44
Похожие новости