• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ХАЛҚ ДИПЛОМАТИЯСИ ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТДИ

2022 йилнинг 11 май куни Тошкент шаҳрида “Халқ дипломатияси — тараққиёт сари ўзаро ҳамжиҳатлик” мавзусида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Халқ дипломатияси форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева, Умумхитой Халқ вакиллари доимий қўмитаси раисининг ўринбосари Шен Юеюе хоним, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов, Евросиё халқлари Ассамблеяси бош котиби Андрей Бельянинов, БМТ бош котибининг махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё превентив дипломатия минтақавий маркази раҳбари Наталья Германлар маъруза билан иштирок этган форум “Халқ дипломатиясини мустаҳкамлашда парламент ва жамоат ташкилотларининг роли” ҳамда “Халқ дипломатияси замонавий давлатлараро алоқанинг муҳим элементи сифатида: ШҲТ аъзо давлатлари тажрибаси мисолида” каби мавзу йўналишларида ташкил этилди.

Тадбирнинг биринчи қисмида “Халқаро ҳамкорликда халқ дипломатиясининг роли”, “Тинчлик ва тотувликни сақлаш, дўстлик ва миллатлараро яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш воситалари”, “ШҲТ доирасидаги ўзаро ҳамкорликни шакллантиришда халқ дипломатияси жамоат ташкилотларининг роли”, “Тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда етакчи аёллар ролини ошириш”, “Халқаро ҳамкорликда парламент дипломатиясининг истиқболлари, давлат органлари ва халқ ўртасида очиқ мулоқотни таъминлаш-ижтимоий тараққиётнинг муҳим таркибий қисми” ҳамда “Ёшлар – халқ дипломатиясининг таянчи ва асосий иштирокчиларидир” каби мавзулар атрофлича муҳокама қилинди.

Жумладан тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева анжуманнинг муҳим аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

– Биз мамлакатларимиз келажаги бўлган барча ёшлар билан астойдил ишлашимиз керак, - деди Т.Норбоева – Интеллектуал ва маънавий баркамол, ташаббускор ҳамда қийинчиликларни енгиб ўтишга тайёр ёшлар барқарор тараққиётнинг ишончли етакчиси, янги ғоялар ва ижодий ечимларнинг ишлаб чиқарувчиси бўлиши керак.

ШҲТ маконидаги ёшлар мамлакатларимизнинг ривожланган ва барқарор келажагини яратишга хизмат қиладиган ижодий ва инновацион ғояларни амалга ошириш учун барча имкониятларга эга.

Бизнинг ташкилотимиз гендер тенглиги ва барқарор ривожланиш мақсадларини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун аёлларнинг етакчилик салоҳиятини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтирмоғи лозим.

Бундан ташқари, маданият, таълим, илмий тадқиқотлар, спорт, оммавий ахборот воситалари, туризм, илм-фан, соғлиқни сақлаш ва атроф- муҳитини муҳофаза қилиш соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштириш ШҲТ доирасидаги кўп тармоқли ҳамкорликни бойитишга хизмат қилади.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов бугунги кунда дунёда кўламли ўзгаришлар ва геосиёсий зиддиятлар юз бераётганини ҳамда жадал ривожланиш ва глобал ўзгаришларнинг янги даврига қадам қўйилаётганини таъкидлаб, ушбу жараёнларда ташкилотнинг иштироки ва ролини ошириш юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

– Бундай шароитда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти «Шанхай руҳи»нинг ноёб тамойилларига таянган ҳолда халқаро ҳуқуқ, кўп қирралик ва бўлинмас хавфсизликка асосланган кўп қутбли дунё тартиботини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда, – деди В.Норов. – Шу билан бирга, аъзо давлатлар Марказий Осиёнинг ташкилот маконининг янада тараққий этишидаги муҳим ролини тан олмоқда.

ШҲТнинг ўзаги бўлган Марказий Осиё минтақаси асрлар давомида цивилизациялар ва диний маданиятлар чорраҳаси бўлиб келган, ушбу минтақада шаклланган бағрикенглик муҳити турли халқлар ва динлар вакилларининг тинч-тотув яшашига ҳисса қўшмоқда.

Куннинг биринчи қисмидаги муҳокамлар жараёнида «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков «Давлат органлари ва халқ ўртасида очиқ мулоқотни таъминлаш – ижтимоий тараққиётнинг муҳим таркибий қисми» мавзусида маъруза билан иштирок этди.

Э.Туляков ўз маърузасида сўнгги йилларда Ўзбекистонда халқ билан мулоқот қилишнинг самарали механизмлари жорий этилганлиги, хусусан ҳудудларда Президент халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилгани, Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизими ислоҳ қилиниб, юқоридан қуйигача бўлган барча вазирлик ва идоралар раҳбарларининг халқ олдида ҳисобот бериш амалиёти йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

— Яна бир муҳим жараён бу — Давлат аҳамиятига эга барча дастурлар ва ҳужжатлар қабул қилинишидан олдин умумхалқ муҳокамасидан ўтказилмоқда. Аҳамиятли томони, ушбу жараёнлар мунтазамлик касб этмоқда. Натижада фуқароларда ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик ҳисси ортмоқда, — деди Э.Туляков.

Тадбирнинг иккинчи қисмида иштирокчи давлатлар вакиллари томонидан «Миллатлараро маданиятлар мулоқоти – Марказий Осиё мамлакатлари халқ дипломатиясини ривожлантиришнинг муҳим омили: Тожикистон тажрибаси», «Покистон–Ўзбекистон: ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари», «Қозоғистон Халқ дипломатияси: ютуқлар, муаммолар ва истиқболлар», «Шарқ дипломатияси – маданиятлараро мулоқот ва илм-фан тараққиётидаги муҳим кўприк» ҳамда «Халқ дипломатияси халқаро муносабатларнинг омилларидан бири сифатида: Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар амалиёти» каби мавзулар кенг муҳокама қилинди.

Очиқ ва кўтаринки руҳда ўтган Форум якунида ШҲТ Халқ дипломатияси форумининг Тошкент баённомаси қабул қилинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати