• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ” МАРКАЗИ ТОМОНИДАН БИР ГУРУҲ ЖУРНАЛИСТ ВА БЛОГЕРЛАР ТАҚДИРЛАНДИ

2022 йил 25 июнь куни “Тараққиёт стратегияси” марказида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Марказ билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйган бир гуруҳ журналист ва блогерларни тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирнинг аввалида, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Ўзбекистонда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда сўз эркинлиги борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар сабаб, оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсири, фаолият самарадорлиги кун сайин ортиб бораётганлигини таъкидлаб ўтди.

– Сўнгги пайтларда мамлакатимизда ахборот соҳасини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – деди Э.Туляков. – Ўз навбатида, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам юртимизда амалга оширилаётган янгиланиш жараёнларини кенг жамоатчиликка ҳозиржавоблик билан етказиб бориш баробарида, жойлардаги ижтимоий муаммолар, ечимини кутаётган масалаларга давлат органлари ва жамоатчилик эътиборини қаратаётгани диққатга сазовордир.

Натижада, барча даражадаги бошқарув идоралари раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар билан мунтазам учрашиб, жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалаларни эркин мулоқот асосида кенг муҳокама этиши яхши анъанага айланиб улгурди.

Бунинг ёрқин мисоли сифатида, бугунги кунда Марказ платформаси орқали кўплаб фаол журналист ва блогерлар билан ҳамкорликда Тараққиёт стратегияси ва унинг доирасидаги Давлат дастурлари ижросини назорат қилиш, Марказ томонидан тайёрланган ахборот-таҳлилий материалларни кенг жамоатчиликка етказишда самарали саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганини қайд этиш лозим.

Мен жамоамиз номидан сизларни ҳамда сиз орқали барча матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг фидойи ходимларини касб байрами билан самимий муборакбод этаман. Масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда барчангизга янгидан-янги ютуқлар ва омад ёр бўлсин!

Шунингдек, тадбир давомида Марказ раҳбари Э.Туляков бугунги кунда кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинаётган Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан ҳам журналист ва блогерлар билан фикр алмашди.

Жумладан, ўтган вақт давомида Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ўтказилган муҳокамалар жараёнида халқимиз фаол иштирок этиб, қарийб 60 мингдан ортиқ фикр ва таклифлар билдирилгани таъкидланди. Албатта, бу жараёнда киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тезкор ва халқчил тилда етказиб бериш орқали уларнинг фаоллиги янада ошишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.

Фикр алмашиш асносида журналистларнинг келгуси беш йилликда Ўзбекистонни ривожлантиришга қаратилган Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастури ижроси юзасидан берилган саволларга Э.Туляков томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.

Тадбир сўнггида “Тараққиёт стратегияси” маркази билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётган журналист ва блогерларга Марказнинг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати