• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

САМАРҚАНДЛИКЛАР “ИНСОН ҚАДРИ” ОНЛАЙН ПЛАТФОРМАСИ БИЛАН ТАНИШТИРИЛДИ

Маълумки, айни кунларда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Республикамизнинг вилоят, туман ва шаҳарларида Марказ томонидан ишлаб чиқилган “Инсон қадри” онлайн платформаси ҳамда “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тўплами тақдимотларига бағишланган қатор тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Ана шундай тақдимот тадбирларидан бири 2022 йилнинг 28 июнь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги, вилоят Кенгаши депутатлари, бошқарма ва идоралар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, тадбиркорлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда “Инсон қадри” онлайн платформасининг фаолияти, ундан кўзланган мақсад ва кутилаётган натижалар бўйича тадбир иштирокчиларига батафсил маълумот бериб ўтилди.

Хусусан, тадбирда асосий маърузачи сифатида иштирок этган «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков томонидан Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурларининг жойлардаги ижроси натижаларини аҳолининг кенг қатламига етказиб бориш ҳамда унинг жойлардаги ижросида бевосита аҳолининг иштирокини таъминлаш мақсадида ташкил этилган «Инсон қадри» онлайн порталининг тақдимоти ўтказилди.

Тақдимотда Э.Туляков томонидан порталнинг ишлаш механизми ва ундан кутилаётган натижалар тўлақонли ёритиб берилди. Жумладан, «davlatdasturi.uz» онлайн платформаси орқали Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурининг ижроси тўғрисидаги маълумотларни кенг жамоатчилик томонидан кузатиб бориш имкони яратилганлиги, аҳоли Давлат дастурининг ижроси юзасидан ўз фикр, таклиф ва эътирозларини билдиришлари мумкинлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, Давлат дастурининг ҳар бир бандининг ижро ҳолатини кўрсатиб бориш имкониятининг яратилганлиги тегишли давлат органларининг Давлат дастурининг ижроси бўйича масъулияти ва ҳисобдорлигини оширади.

Шу билан бирга, порталда амалга оширилган ислоҳотларни ўз ҳаётида ҳис қилишни истаган фуқаролар ижро ҳолати бўйича ўз муносабатларини фото, видео ёки электрон ҳужжатларни юклаш орқали жўнатиш имконига эга бўлдилар. Бу, ўз навбатида, кенг жамоатчиликнинг Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурининг мониторинги ва амалга оширилишидаги тизимли иштирокини таъминлаш ва натижадорлигини баҳолашга хизмат қилади.

Хусусан, порталга Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастури ижроси натижалари юзасидан инфографик маълумотлар, видеоролик ва таҳлилий шарҳларга оид маълумотларнинг киритиб борилиши, кенг жамоатчиликнинг Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан тўла хабардор бўлишини таъминлайди.

Шунингдек, Э.Туляков «davlatdasturi.uz» онлайн платформаси орқали мамлакат тараққиётини таъминлаш ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги ҳар бир ислоҳот ва жараёнларда фуқароларнинг бевосита иштирокини таъминлаш имконияти яратилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Тадбир якунида буларнинг барчаси Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши борасидаги очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилиши эътироф этилди. Шунингдек, иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати