• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЖАНУБЛИКЛАР “ИНСОН ҚАДРИ” ОНЛАЙН ПЛАТФОРМАСИ ИМКОНИЯТЛАРИ БИЛАН ТАНИШТИРИЛДИ

“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Республикамизнинг жанубий вилоятлари саналмиш Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари мутасаддилари билан ҳамкорликда “Инсон қадри” онлайн платформаси ҳамда “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тўплами тақдимотларига бағишланган тадбирлар ташкил этилди.

Халқ депутатлари вилоят ҳамда маҳаллий Кенгашлари депутатлари, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирлар Сурхондарё вилоятида Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Сайдулла Абдураимов, Қашқадарё вилоятида халқ депуталари вилоят Кенгаши депутати Олим Равшановлар модераторлигида олиб борилди.

Дастлаб, кун тартибидаги масалалар юзасидан вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари томонидан чиқиш қилинди. Шу билан бирга, «Тараққиёт стратегияси» марказининг бўлим бошлиғи Жамшид Шарипов, Авазбек Холбеков, Олий Мажлис Сенатининг аъзолари, вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиқларининг маърузалари тингланди.

Жумладан, Ж. Шарипов томонидан айни вақтда Ўзбекистонда кучли ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорликни ташкил этиш янгиланган сиёсатнинг ўзагини ташкил этаётгани, давлат органларининг аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотини узлуксиз ва янада самарали давом эттириш, шаффофлик, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш Тараққиёт стратегиясининг асосий мақсадлари бири эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шу боисдан, Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурларининг жойлардаги ижроси натижадорлигини кенг аҳоли қатламига етказиб бориш ҳамда унинг жойлардаги ижросида бевосита аҳолининг иштирокини таъминлаш мақсадида «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда «Инсон қадри» онлайн портали ишлаб чиқилди.

Эндиликда, «davlatdasturi.uz» онлайн платформаси орқали аҳоли Давлат дастурларида белгиланган чора-тадбирларнинг ижроси билан атрофлича танишишлари, шунингдек тегишли йўналиш ва унда амалга оширилиши белгиланган ишлар ижроси юзасидан ўз фикр, таклиф ва эътирозларини билдиришлари ҳам мумкин бўлади.

Бу, бевосита давлат ва жамият ривожига ҳисса қўшиши мумкин бўлган таклифларни янада тизимли равишда билдириш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади. Бу эса, аҳоли, қолаверса маҳаллий ва хорижий экспертларнинг Тараққиёт стратегияси ва давлат дастурларининг мониторинги ва амалга оширилишидаги иштирокини таъминлаш ҳамда натижадорлигини баҳолашга хизмат қилади.

Шунингдек, тадбир доирасида депутатлар ва вилоятлар фаолларининг «Инсон қадри» онлайн портали юзасидан фикрлари тингланиб, сурхондарё ҳамда қашқадарёликлар ҳам Тараққиёт стратегияси ва унинг доирасида қабул қилинадиган Давлат дастурлари ижросини таъминлашда фаол бўлишга чақирилди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати