• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

«ЎЗБЕКИСТОНДА КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР» МАВЗУСИДА ХАЛҚАРО ДАВРА СУҲБАТИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

2022 йилнинг 7 июль куни «Тараққиёт стратегияси» марказида АҚШнинг етакчи ақл маркази, Марказий Осиё ва Кавказ институти билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда Конституциявий ислоҳотлар» мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда ҳуқуқ, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар соҳасидаги маҳаллий мутахассислар, шунингдек мамлакат Конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича конституциявий комиссия аъзолари, шу билан бир қаторда видеоконференцалоқа орқали Марказий Осиё ва Кавказ институти раҳбарлари ва экспертлари иштирок этдилар.

Халқаро давра суҳбати Ўзбекистондаги шиддат билан кечаётган ўзгаришларни муҳокама қилиш, ислоҳотларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашиш, шунингдек «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасини тушунтириш ва муҳокама қилишга бағишланди.

Тадбирда «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда Марказий Осиё ва Кавказ институти директори Сванте Корнелл модератор сифатида иштирок этдилар.

Э.Туляков ўз нутқида Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини, «Инсон – жамият – давлат» асосий тамойили ва «Инсон қадри учун» ғоясини илгари суришни назарда тутувчи мамлакатнинг асосий қонунига киритилаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини, конституциявий кафолатлар ва қонун устуворлигини таъминлаш, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун ислоҳотларнинг шартлари тўғрисида гапириб ўтди. Шу билан бирга, Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоя ва иқтисодий фаровонлик кафолатлари асосий қонун даражасида мустаҳкамланадиган Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилгани таъкидланди.

Марказий Осиё ва Кавказ институти директори С.Корнелл ўз нутқида Ўзбекистонда фуқароларнинг ижтимоий фаровонлиги ва инсоннинг асосий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлашда жадал ривожланаётган демократик ислоҳотларни юқори баҳолади.

Шу билан бирга, Марказий Осиё ва Кавказ институти асосчиси ва раиси, профессор Фредерик Старр ўз нутқида Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг қадрият ва натижаларига эътибор қаратиб, мамлакатдаги конституциявий ўзгаришлар Давлат раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишнинг зарур элементи эканлигини эътироф этди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар инсон ҳуқуқларига риоя этиш, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек қонун устуворлигининг амал қилишига мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Бундан ташқари, профессор Ф.Старр Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар лойиҳасини муҳокама қилишда мамлакат фуқароларининг фаол иштирокига эътибор қаратиб, бундай жараён мамлакатда демократик нормаларга риоя этилишини кўрсатади, дея қайд этди. Шунингдек, у тадбир иштирокчилари эътиборини туб ўзгаришлар даврида айрим мамлакатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилаётган жаҳон амалиётига қаратди.

Халқаро сайлов тизимлари жамғармасининг Кавказ ва Марказий Осиё дастури раҳбари Энтони Брауэр «Конституцияга киритилаётган ўзгартишларда сиёсий ислоҳотлар» номли мавзусидаги нутқида Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар жараёнида ошкоралик ва адолатлиликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо берди.

Шунингдек, Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, ҳокимликларнинг фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлигини соддалаштириш ва жамоатчилик ишончини ошириш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётганига алоҳида урғу берилди. Aлбатта, бундай принципларни Конституциявий даражада бирлаштириш қонун устуворлигининг муҳим жиҳати саналиб, унда асосий фаол – шахс ҳисобланади. Ўзбекистондаги бундай жараёнлар, шубҳасиз, Марказий Осиё мамлакатларидаги ижобий ўзгаришларга туртки беради, бу эса минтақада барқарор ривожланишга янада катта ҳисса қўшади.

Дўстона ва очиқ мулоқот руҳида ўтган давра суҳбати якунида фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар билдирилди. Шунингдек, бундай тадбирлар AҚШ ва Ўзбекистон таҳлилий (ақл) марказлари ўртасидаги икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши эътироф этилди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати