• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯДА МАРКАЗИЙ ОСИЁДА МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Маълумки, 30 июль Халқлар дўстлиги куни муносабати билан, республикамизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистонда яшаб келаётган миллатлар ва конфессиялараро тотувлик ва ўзаро бир-бирини тушуниш, ёш авлодни бағрикенглик, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, ушбу тадбирлар доирасида юртимиз бўйлаб 30 июлдан 7 августга қадар Дўстлик фестиваллари ўтказилди. 2022 йилнинг 5 август куни фестиваль доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан “Марказий Осиё давлатларида миллатлараро тотувликни таъминлаш” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.

Тадбирда вазирлик ва идоралар вакиллари, “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари, хориждаги ватандошлар, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, жамоат бирлашмалари, Миллий маданий марказлар, Дўстлик жамиятлари, Ўзбекистондаги диний конфессиялар, миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича олимлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Шу билан бирга, конференцияда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларидан миллатлараро муносабатлар ва халқаро алоқалар бўйича давлат идоралари вакиллари, етакчи экспертлар ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари мутахассислари қатнашди.

Дастлаб, конференциянинг очилиш қисмида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси доимий координатори Роли Астхана ҳамда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбановларнинг маърузалари тингланди.

Қайд этилганидек, Янги Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, турли халқларнинг маданияти ва урф-одатларини ривожлантиришга кенг имкониятлар яратиб бериш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ўз навбатида, юртимизда яшаб келаётган 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг вакиллари фаол меҳнатлари билан мамлакатимиз равнақига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Кириш сўз маърузаларидан кейин “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков модераторлигида “Марказий Осиё давлатларида миллатлараро тотувликни таъминлаш” халқаро конференцияси ялпи мажлис кўринишида ўз ишини давом эттирди. Ялпи мажлис доирасида “Минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари”, “Этнослараро тотувликни таъминлаш борасида Қирғизистон халқи ассамблеясининг тажрибаси”, “Жамиятда миллатлараро муомала маданияти ва бағрикенгликни шакллантиришнинг самарали усуллари” ҳамда “Минтақада миллатлараро тотувликни таъминлашда фуқаролик жамиятлари институтларининг ўрни” каби мавзулардаги маҳаллий ва халқаро даражадаги экспертларнинг маърузалари тингланди.

Жумладан, маърузачилар томонидан Ўзбекистон ташқи сиёсатида минтақа мамлакатлари билан дўстона ва яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаётганлиги, шу билан бирга, Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида, минтақа ва глобал даражада муҳим ташаббусларни илгари сураётганлиги таъкидланди.

Шунингдек, муҳокамалар жараёнида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида “халқ дипломатияси” механизмларидан самарали фойдаланилаётганлигига эътибор қаратилди. Хусусан, халқ вакиллари – олимлар ва рассомлар, маданият ва дин арбоблари, ишбилармонлар ва ёшлар, туризм ва спорт ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ва нодавлат ташкилотлар иштирокида кўплаб учрашув, анжуман, видеоконференция ва бошқа шу каби тадбирлар доимий равишда ўтказиб келинмоқда.

Амалий тажриба алмашиш ва олиб борилаётган миллатлараро тотувлик борасидаги ҳамкорликдаги лойиҳалар самарасини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилган ялпи мажлис якунида олим ва экспертлар томонидан бугунги мураккаб даврда бундай конференциянинг ташкил қилиниши Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик, ўзаро манфаатдорлик ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши эътироф этилди.

Куннинг иккинчи қисмида конференция ўз ишини шўъбаларга бўлинган ҳолда давом эттирди. Ушбу шўъба йиғилишларида ҳозирги нотинч ва таҳликали замонда миллатлараро муносабатлар масалаларини таҳлил қилиш, этник низоларнинг олдини олиш ва уларнинг салбий оқибатларини камайтиришга эришиш барча минтақа давлатлари учун муҳим аҳамиятга эга эканлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ўз тарихи, маданияти ва ижтимоий-сиёсий тараққиётида узвий ўхшашликларга эга бўлиб, тарихан ягона илм-фан ҳамда маданий макон сифатида шаклланган. Бу эса, минтақа халқлари ўртасида якдиллик руҳини мустаҳкамлаш, яхши қўшничилик ва этномаданий алоқаларнинг бардавомлигини таъминлашга хизмат қилади.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилувчи турли миллатлар, шунингдек қўшни давлатларнинг қадимий урф-одатлари ва миллий спорт ўйинларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш мақсадида академик олимлар ва амалиётчилар билан биргаликда инвентаризация ишларини олиб бориш, халқ ўйинлари, этноспорт турлари ҳақида батафсил видео материал ва ҳужжатли фильмлар яратиш, “Туризм қишлоқлари” форматини кенг тарғиб қилиш ҳамда Халқлар дўстлиги майдонида йилда икки марта Этно-фест ташкил этиш орқали этнография ва халқ ўйинлари, ҳунармандчилик ва либосларга бағишланган ярмарка ташкил этиб бориш каби ташаббуслар илгари сурилди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати