• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

СТОКГОЛЬМ: ЭКОЛОГИК ҲОЛАТНИ ЯХШИЛАШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Аввал хабар қилинганидек, айни кунларда «Тараққиёт стратегияси» маркази экспертлари Швеция қироллигида ишчи ташриф билан бўлиб туришибди. Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Швеция қироллиги ўртасидаги манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, бу жараёнда томонларнинг етакчи «ақл марказлари» ҳамда тадқиқот институтлари фаоллигини оширишга қаратилган қатор учрашувлар бўлиб ўтмоқда.

Жумладан, 31 октябрь куни Марказ экспертлари Global Go To Think Tank Index Report халқаро рейтингида дунёда иккинчи ўринда турадиган Стокгольм атроф-муҳит институти вакили  билан учрашиб, экология ва атроф-муҳит соҳасидаги хавф-хатарларни олдини олиш, бунда барча табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда халқаро даражада саъй-ҳаракатларни бирлаштириш каби масалалар бўйича мулоқот қилинди.

Хусусан, Марказ раҳбари Элдор Туляков томонидан Ўзбекистонда аҳоли саломатлиги ва генофондига зиён етказадиган мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш, қайта тикланувчи яшил энергетика манбаларидан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича маълумотлар бериб ўтилди.

Жумладан, ўтган ҳафтада Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель ўртасида бўлиб ўтган мулоқотда ҳам экология, «яшил» иқтисодиёт, энергетик самарадорлик ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалаларига алоҳита эътибор қаратилганлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан доимий равишда халқаро майдонда атроф-муҳитга оид бир қатор ташаббуслар илгари суриб келинаётганлиги, шу жумладан 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқишга қаратилган алоҳида мақсад белгиланганлиги айтилди.

Э.Туляковнинг таъкидлашича, Ўзбекистон БМТнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш соҳасидаги энг муҳим конвенциялари, Барқарор ривожланиш мақсадларига қўшилиб, зиммасига олган барча мажбуриятларни бажариб келмоқда, табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни амалга ошириш механизми ишлаб чиқилган бўлиб, мақсадли давлат дастурлари, миллий ҳаракат режалари ҳаётга тадбиқ этилмоқда, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим қисми бўлган ушбу хайрли ишларда жамоатчилик ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Ўз навбатида, Стокгольм атроф-муҳит институти лойиҳалар менежери Бернандос Педигамоснинг айтишича, ташкилот томонидан асосий эътибор атроф-муҳит муаммолари ва тараққиёт учун таҳдидлар, бошқарув, иқтисодиёт, гендер тенглиги ва соғлиқни сақлаш масалаларига қаратилган бўлиб, у, шунингдек ушбу соҳаларда маҳаллий ва халқаро миқёсда қарорлар қабул қилишга кўмаклашади.

Б. Педигамос атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш механизмларини такомиллаштириш, атроф табиий муҳитни кузатиш, унинг ифлосланиш даражасини башорат қилиш борасида ҳамкорликдаги тадқиқот натижаларининг ўрни юқорилиги, бу борада Ўзбекистондаги таҳлил марказлари ҳамда тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда ишлашдан манфаатдор эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, у Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиёт бўйича ташаббуслари, қабул қилинган концепция ва стратегиялари, айниқса зарарли кимёвий, физикавий, биологик ва бошқа хил таъсир кўрсатилишининг олдини олиш ҳамда камайтириш бўйича олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватлашини эътироф этди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар икки мамлакат «таҳлил марказлари» ўртасида доимий тажриба алмашишни йўлга қўйишдан манфаатдор эканликларини билдириб, қўшма тадқиқотлар ўтказишга келишиб олишди.

 

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати