• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ШВЕЦИЯНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ЭЛЧИСИ ТОМАС ДАНЕСТАД БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

2022 йилнинг 31 октябрь куни «Тараққиёт стратегияси» маркази раҳбари Элдор Туляков бошчилигидаги марказ экспертлари Швецияга ташрифи асносида мазкур мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси Томас Данестад (қароргоҳи Стокгольм шаҳрида) билан учрашув ўтказишди.

Учрашувда икки ва кўп томонлама форматда ўзаро муносабатларни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари бўйича конструктив фикрлар алмашилди.

Суҳбат давомида элчи Т. Данестад сўнгги беш йилда Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янги босқичга кўтарилаётганлиги, айниқса Ўзбекистоннинг Швецияда ҳам ўз элчихонасининг бўлиши мамлакатларнинг бир-бирини янада яқиндан билиши, муносабатларнинг янги босқичга кўтарилишига ёрдам бериши, шунингдек, ҳамкорликнинг янги қирралари очилишининг осонлашишида ҳам муҳим роль ўйнашини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, элчи инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик каби йўналишларда ҳам тажриба алмашиш, ўзбекистонлик ёшлар учун Швеция университетларида таълим олиш учун грантлар тақдим этишни кенг йўлга қўйиш ҳам икки мамлакат ўртасидаги алоқаларда устувор аҳамиятга эга эканлигини билдирди.

Учрашувда «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Э.Туляков 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларни амалга оширишда Швециянинг донор ташкилотлари, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлил марказлари ва мутахассислари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилди.

Шу билан бирга, Э.Туляков тараққиёт стратегиясини ҳаётга тадбиқ этиш хусусида халқаро жамоатчиликни хабардор қилишда «Тараққиёт стратегияси» марказини қўллаб-қувватлаётгани учун Т.Данестадга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар 2022 йилнинг 17-18 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» вазирлар конференцияси доирасида «Тараққиёт стратегияси» маркази платформасида икки томонлама учрашув ташкил этишга келишиб олишди.

 

 

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати