• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ТИНЧЛИК, ХАВФСИЗЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДАГИ ҲАМКОРЛИК

2022 йилнинг 31 октябрь куни «Тараққиёт стратегияси» маркази экспертлари Швеция қироллигида ишчи ташриф доирасида дунёдаги энг нуфузли «ақл марказларидан» бири – Стокгольм халқаро тинчлик муаммоларини ўрганиш институти (SIPRI) вакиллари билан учрашишди.

SIPRI бошқарма бошлиғи Лук Ван Дегур «Тараққиёт стратегияси» маркази экспертларига ташкилотнинг тарихи, фаолият йўналишлари, илмий тадқиқот мавзулари ва географияси ҳақида маълумот бериб, SIPRI томонидан Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорлик масалалари ҳам ўрганилиб борилишини таъкидлаб ўтди. Айниқса, ҳозирги геосиёсий жараёнлар ва глобал даражадаги турли куч марказлари ўртасида рақобат ўсиб бораётган бир шароитда, минтақаларда тинчлик ва барқарорлик ҳамда ижтимоий-иқтисодий ўсишни таъминлаш муҳим эканлигига урғу берилди. Шунингдек, Марказий Осиёда минтақавий ва глобал хавфсизлик ҳамда Афғонистондаги вазиятнинг муҳимлигига эътибор қаратилди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази раҳбари Элдор Туляков SIPRI экспертларига Марказ фаолияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси томонидан олиб борилаётган ҳамда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган  фаол, прагматик ва тинчликсевар ташқи сиёсат ҳақида батафсил маълумот берди.

Хусусан, Э.Туляков сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ҳам минтақавий, ҳам глобал даражада янги мазмун-моҳият касб этганлигини қайд этди. Таъкидландики, Ўзбекистон раҳбарияти дунё ҳамжамияти эътиборини мунтазам равишда Афғонистонда тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга жалб қилиб келмоқда. Шунингдек, Президент Ш.Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор вазифаларидан бири Афғонистонда тинчликка эришишга қаратилди ҳамда мазкур мамлакат хавф эмас, балки имкониятлар манбаи сифатида эътироф этила бошланди. 2018 йилда Ўзбекистон ташаббуси билан Тошкентда Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида  халқаро конференция, 2021 йилнинг 15-16 июль кунлари эса, «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусида юқори даражадаги халқаро конференциялар ташкил этилди. Тадбирлар доирасида қабул қилинган «Тошкент декларацияси» (2018) ва Ташқи ишлар вазирларининг Қўшма баёноти (2021) дунё ҳамжамияти томонидан Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича олиб борилаётган интилишларни янада фаоллаштиришга туртки бўлди.

Ўз ўрнида, Ўзбекистоннинг 2017–2021 йиллар давомида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида минтақавий ҳамкорликка хизмат қилувчи бир қатор ташаббусларни ҳам таъкидлаб ўтиш мақсадга мувофиқ. Жумладан, Марказий Осиёдан Ҳинд океани портларига чиқадиган трансафғон транспорт коридорлари («Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор» ҳамда «Мозори-Шариф-Ҳирот» темир йўллари), «Сурхон – Пули Хумри» электр узатиш тармоғи, «Термиз халқаро савдо маркази», Ўзбекистон ва Афғонистон чегара олди эркин иқтисодий зоналари барпо этиш каби йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Қолаверса, Афғон халқига халқаро гуманитар ёрдамларнинг Ўзбекистон орқали етказилиши йўлга қўйилиб, БМТнинг Термизда Афғонистонга ёрдам юкларини юборувчи Бош логистика маркази ташкил этилди.

Бундан ташқари, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам дунё ҳамжамияти ва минтақавий ташкилотлар эътиборини Афғонистонда тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга жалб қилиш борасидаги Ўзбекистон ташаббусларини жадаллаштириш белгиланган. Шунингдек,  ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнлари, шу жумладан экстремизм ва терроризмга қарши курашишга жалб қилиш ҳамда Афғонистон билан кўп томонлама муносабатларни ривожлантириш ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш устувор вазифалардан бири эканлиги қайд этилган.

Учрашувда SIPRI экспертлари Марказ фаолиятига катта қизиқиш билдириб, минтақавий жараёнларни биргаликда ўрганиш, тажриба алмашиш, ўзаро манфаатли соҳа ва мавзуларда тадқиқотлар ўтказиш, илмий, таҳлилий мақолалар чоп этиш борасида ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканликларини билдиришди. 

 

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати