• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ТАЪЛИМНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА УСТУВОР ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ
3445 | 20 Дек. 2022 й.

Янгича қараш, янги ғоя ва янги режаларгина давлатнинг истиқболи, ватан равнақи ва халқнинг фаровонлигига дахлдор ҳаракатлар, амалий натижаларни белгилаб бериши мумкин. Аниқ режалар, шунга мувофиқ ҳаракат ва фаолият бўлмаса, истиқболли режаларни амалга ошириш мушкул.

Бутун халқимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномасини зўр бир иштиёқ билан тинглади. Унда «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилиш таклиф қилинди.

2023 йилга бундай ном берилишининг таг замирида Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш, мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини оширишдек устувор вазифа ётади.

Мурожаатномада давлатимиз раҳбари ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни асосий қомусимиз ҳисобланмиш Конституцияда алоҳида белгилаш, 2023 йилда қўшимча 70 та янги мактабларни қуриш, 460 тасини кенгайтириш, хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳасини бошлаб, кейинги беш йилда уларнинг сонини 1000 тага етказиш, 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш мақсадида 2023 йилдан бошлаб янги дастур стандартларини жорий этишни таъкидлаб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги олти йилда таълим соҳасидаги изчил ислоҳотлар натижасида  мактабгача таълим билан қамров даражаси 27,7 фоиздан 67 фоизга, мактаблардаги малакали олий маълумотли ўқитувчилар улуши 81,8 фоиздан 87,8 фоизга, ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга етказилди.

Шунингдек, соҳада ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида 2026 йилга қадар Тараққиёт стратегияси доирасида мактабгача таълимда қамров даражасини ҳозирги 67 фоиздан 80 фоизга етказиш, 7 мингдан зиёд янги нодавлат МТТларни ташкил этиш, халқ таълими тизимида қўшимча
1,2 миллион ўқувчи ўрнини яратиш, малакали ўқитувчиларнинг ойлик маошларини босқичма-босқич 1 000 АҚШ доллари эквивалентига етказиш, олий таълимда қамров даражасини 50 фоизга, нодавлат ОТМлар сонини камида 50 тага етказиш белгилаб олинди.

Мурожаатномада таъкидланганидек, келгуси ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон ва Хоразмда йўлга қўйилган бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш амалиёти қолган барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам йўлга қўйилади.

Юқоридаги мақсадларни амалга ошириш учун 2023 йилда давлат бюджетидан таълим соҳасига 58,37 трлн. сўм (давлат бюджети умумий харажатларининг 23 фоизи) ажратиш режалаштирилган, бу 2022 йилда кутилаётган кўрсаткичдан 16 фоизга кўп дегани.

Таъкидлаш жоизки, таълим сифатини оширишга қаратилган бундай саъй-ҳаракатлар ва бу борада Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар, албатта ўз самарасини бериши шубҳасиз. Зеро, буларнинг барчаси яқин келажакда халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва Ўзбекистоннинг ривожланган давлатлар қаторига кириши учун кўзланган мақсадларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади, десак муболаға бўлмайди.

 

Жамшид ШАРИПОВ
«Тараққиёт стратегияси» маркази эксперти


2
Похожие новости