• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
АДВОКАТУРА ФАОЛИЯТИ ИСЛОҲ ҚИЛИНАДИ
2497 | 21 Дек. 2022 й.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида мамлакат ривожининг устувор йўналишларидан бири бўлган суд-ҳуқуқ соҳасидаги кейинги ўзгаришлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

Мурожаатномада адвокатура институтини янада ривожлантиришга доир бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.

Аввало, давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни «электрон танлаш» тизимини тўлиқ ишга тушириш зарурлиги таъкидланди. Эндиликда одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар тақдим этилади. Судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилинади. Айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинади.

Бу ташаббуслар бир қатор жиҳатлари билан суд-ҳуқуқ тизимида адолатни таъминлаш, суд процессида томонларнинг тенг ҳуқуқлилигига кафолат бўлиш, адвокатлар ва уларнинг мижозлари ҳуқуқ ва эркинликларининг изчил юзага чиқарилиши учун тамал тоши вазифасини ўтайди. Суд ишини юритишнинг барча босқичларида томонларнинг тортишуви принципининг лозим даражада ишлашини ташкил этишга ёрдам беради.

Таъкидлаш лозимки, Президентнинг 2018 йил 12 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди. Аммо, адвокатура институтини янада ривожлантириш учун ҳали кўп ишларни амалга ошириш лозим.

Маълумки, ҳозирда республика бўйича қарийб 4 200 ортиқ адвокат фаолият юритиб келмоқда. Статистикага кўра, тақрибан ҳар 8 500 нафар шахсга битта адвокат тўғри келмоқда. Қозоғистонда 3 900 фуқарога битта адвокат тўғри келади. Бу, Ўзбекистонда аҳоли сонига нисбатан адвокатлар сони икки бараварга кам эканлигини англатади. Германияда эса, ўртача 500 нафар фуқарога 1 та адвокат тўғри келади. Бу, бизга нисбатан 10 бараварга кўп дегани. Ҳозирда Ўзбекистонда фаолият юритаётган адвокатларнинг 60 фоизи 50 ёшдан ошган, 30 ёшгача бўлган адвокатлар сони эса атиги 40 нафарни ташкил этади.

Шу нуқтаи назардан, Президент томонидан илгари сурилган бу ташаббуслар адвокатура институтининг обрўсини кўтариш, унга ёш кадрларни жалб этиш, аҳоли ўртасида адвокатларга бўлган ишончни мустаҳкамлаш, адвокатура соҳасининг ривожига хизмат қилиш, жамиятимизда ҳуқуқий онгнинг ўсиши, шунингдек фуқароларимизнинг жойларда сифатли ҳуқуқий ёрдам олишларига хизмат қилади, турли сарсонгарчиликларга барҳам беради.

 

Нилуфар Дониёрходжаева
“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи


2
Похожие новости