• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

АДВОКАТУРА ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ОИД ТАКЛИФЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

2023 йилнинг 21 февраль куни “Тараққиёт стратегияси” маркази, Олий Суд, Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида “Адвокатура фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда, Олий суд судьялари, “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари, Адвокатлар палатаси аъзолари, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ҳуқуқни мухофаза қилиш Академияси вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида одил судловни таъминлаш борасида билдирилган ташаббуслар ҳамда 2023 йилги давлат дастурининг мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш йўналиши доирасида назарда тутилаётган чора-тадбирлар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир аввалида сўз олган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов, Ўзбекистон Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаровлар муҳокама қилинаётган масалалар юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан янада аҳамиятли эканлигини таъкидлаб ўтишди.

Хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг муваффақияти, судларнинг “адолат қўрғони”га айланиши, суд жараёнида томонларнинг тенг ҳуқуқлилиги ҳамда тортишув принципини мукаммал таъминлаганлигига боғлиқ эканлиги эътироф этилди. Бунда эса, адвокатнинг ҳуқуқ ва ваколатларини қонун билан мустаҳкамлаш алоҳида аҳамиятга эга. Зеро давлат раҳбари Мурожаатномада одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар қайта кўриб чиқилишини, қўшимча ваколатлар берилиши ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтган эди.

Шунингдек, Тараққиёт стратегиясининг 19-мақсадида ҳам адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини тўлиқ таъминлаш назарда тутилган.

Жумладан, давлат дастури лойиҳасида ҳам суд-тергов жараёнида иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ютуқларидан фойдаланган ҳолда самарали ҳимоя қилишни таъминлаш, тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлаш процессуал ҳаракатларини амалга ошириш учун санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш ҳамда адвокатура институти жозибадорлигини ошириш орқали соҳага ёш кадрларни жалб этишнинг самарали тизимини яратиш каби суд ва тергов жараёнларида тўлақонли инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилмоқда.

Шунингдек, давра суҳбатида юқоридаги каби вазифаларни амалиётга тадбиқ этиш юзасидан суд-ҳуқуқ соҳасида фаолият кўрсатиб келаётган идораларнинг қараш ва фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди. Жумладан, Адвокатлар палатаси аъзолари томонидан бугунги кунда Ўзбекистонда 4 577 та адвокат фаолият кўрсатиб келаётганлиги, 30 ёшгача бўлган адвокатлар эса бор-йўғи 45 нафарни ташкил этиши қайд этилди. Шу боис, соҳага ёш кадрларнинг кириб келишини рағбатлантириш ҳамда уларга қўйиладиган талабларни енгиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.

Шу билан бирга, адвокатура соҳасига оид 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мавжудлиги, қонунчиликда ҳаволаки нормаларнинг кўплиги ҳам соҳа ривожига тўсиқ бўлаётганлиги таъкидланди.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар умумлаштирилиб, Фармон лойиҳасининг тегишли бандларида акс эттириш учун кўриб чиқилиши маълум қилинди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати