• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАРГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

2023 йилнинг 29 март куни Г.В.Плеханов номидаги Россия Иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида Конституциявий ислоҳотларга бағишланган тадбир ташкил этилди.

Университет профессор-ўқитувчилари, илмий кенгаш аъзолари ва Марказ экспертлари иштирок этган тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази эксперти Жамшид Шарипов томонидан янги таҳрирдаги Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар, жумладан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамиятда педагоглар қадрини юксалтириш, ёшларнинг таълим олишни кафолатлаш каби нормаларнинг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтди.

Жумладан, Конституциянинг 51-моддасида фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли эканлиги, олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, сўнгги йиларда жамиятда ўқитувчининг қадр-қимматини ошириш борасидаги ислоҳотлар ҳам Конституцион норма сифатида жой олмоқда. Хусусан, 52-моддада Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этиляпти.

Давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши кафолатланмоқда.

Шу билан бирга, тадбир давомида Бош Қомусимизга киритилаётган ўзгартиришлар юзасидан университет жамоаси ҳам ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. Тадбир якунида халқимиз ва жамиятимиз тараққиётини таъминлашнинг ҳуқуқий кафолати бўладиган юқоридаги каби ўзгартиришларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши, бевосита 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумдаги фаол иштирокимизга боғлиқ эканлиги алоҳида эътироф этилди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати