• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Конституцияга киритилаётган ўзгартиришларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди

2023 йил 31 март куни “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясининг мазмун ва моҳиятини аҳолига етказишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаоллигини ошириш”  мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.

Республикамизда фаолият олиб бораётган нодавлат ва нотижорат ташкилотлар, ҳуқуқшунос экспертлар, таълим муассасалари ходимлари иштирок этган тадбирда маърузачилар томонидан янги таҳрирдаги Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига тўхталиб ўтилди.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков янги таҳрирдаги Конституцияда инсон қадри таъминлаш,  инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўғридан-тўғри муҳофаза этишига оид нормалар сони сезиларли даражада оширилаётганлигини эътироф этди.

– Эндиликда, судлар ва бошқа давлат органлари, мансабдор шахслар қарорлар қабул қилишда Конституцияга таяниши мажбурий этиб белгиланмоқда, – деди Э.Туляков. – Бу эса, ҳар бир фуқарога конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларидан тўғридан-тўғри фойдаланиш имкониятини яратади.

Янгиланаётган Конституцияда сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муҳтожларни уй-жой билан таъминлаш,  бандлигини таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган қатор нормалар ҳам белгиланмоқда.

Шуниндек, тадбирда маърузачилар томонидан Конституция лойиҳасида фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг кафолатига қаратилган алоҳида норма ҳам белгиланаётганлиги, бу эса ННТлар фаолияти мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб олий юридик кучга эга бўлиши, Конституцияда муҳрланаётганлигига алоҳида урғу берилди.

Хусусан, 148-моддада фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Фуқароларнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бюджет жараёнида иштирок этиш тартиби ва шакллари қонун билан белгиланиши алоҳида норма сифатида ўз аксини топмоқда.

Ушбу норма мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида жамоатчилик назоратининг турли шаклларидан самарали фойдаланишда ННТлар ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаб беради.

Тадбир якунида юқоридаги каби мамлакатимиз тараққиёти, аҳолининг турмуш фаровонлигини янада яхшилашга хизмат қиладиган нормаларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишда ННТ вакиллари ҳам фаол иштирок этишлари зарурлиги қайд этилди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати