• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Конституциявий ислоҳотларга қаратилган тарғибот тадбирлари давом этмоқда

2023 йилнинг 1 апрель куни Тошкент шаҳар транспорт бошқармасида Конституциявий ислоҳотларга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан соҳа ходимларига янги таҳрирдаги Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилди.

Жумладан, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков томонидан янгиланаётган Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг давомийлигини таъминлашда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилишини, ҳар бир янги норма, авваламбор инсон ва унинг ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилганлигини таъкидлаб ўтди.

Хусусан, кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида белгиланмоқда. Жумладан, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятларни олмоқда.

Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши таъминланиши кафолатланмоқда.

Аҳоли кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиши ҳам лойиҳага киритилган. Лойиҳада аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайтирилмоқда. Бу аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза этиш ҳамда оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда жуда муҳим аҳамиятга эга.

Тадбир давомида Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси ходимларининг ҳам киритилаётган ўзгартиришларга оид фикрлари тингланди. Шунингдек, юқоридаги каби нормаларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши бевосита 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумдаги фаоллигимизга боғлиқ эканлиги эътироф этилди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати