• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ҚАШҒАР ХАЛҚАРО ФОРУМИДА ЎЗБЕКИСТОННИНГ РАҚАМЛИ ТРАНСФОРМАЦИЯ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАРИ ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

Қашғар шаҳрида “Ипак йўли электрон тижорат иқтисодий ва савдо ҳамкорлиги” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди. Мазкур форум Хитойнинг Фудан университети ҳузуридаги “Бир макон, бир йўл ва глобал бошқарув институти” ҳамда Қашғар университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида ҳамкорлик олиб бораётган мамлакатларнинг нуфузли таҳлил марказлари, сиёсий ва бизнес доира вакиллари ҳамда рақамли технологиялар соҳасидаги экспертлар иштирок этдилар.

Форум доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлими бошлиғи Фаррух Хакимов “Ўзбекистонда рақамли трансформация: электрон тижоратни ривожлантириш имкониятлари” мавзусида чиқиш қилди. Маърузада мамлакатимизда амалга оширилаётган “Рақамли Ўзбекистон – 2030” ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиялари доирасидаги ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари кенг ёритилди.

Хусусан, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, интернет қамрови ва тезлигини ошириш, фойдаланувчилар сонининг ортиши ҳамда IT хизматларининг миллий иқтисодиёт ва экспортдаги улушининг кўпайиши каби ютуқлар форум иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.

Шунингдек, минтақа давлатлари ўртасида рақамли иқтисодиёт ва электрон тижорат соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш инклюзив ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Форум якунида иштирокчилар томонидан ўзаро ҳамкорликни янада жадаллаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда илмий-тадқиқот натижаларини нашр қилиш имкониятлари муҳокама этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати