• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ШАНХАЙ-2026 ХАЛҚАРО ФОРУМИДА ЎЗБЕКИСТОННИНГ РАҚАМЛИ ТРАНСФОРМАЦИЯ СОҲАСИДАГИ ТАЖРИБАСИ ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

Жорий йилнинг 24-26 апрель кунлари Шанхай шаҳрида “Ўзгаришлар даври: инновациялар ва глобал бошқарув” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди. Дунёнинг 50 дан ортиқ давлатларидан 400 га яқин олимлар ва экспертларни жамлаган мазкур форумда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этди.

Шанхай–2026 халқаро форумида асосий эътибор кучайиб бораётган геосиёсий рақобат, тез суръатларда кечаётган технологик ўзгаришлар ҳамда барқарор ривожланиш билан боғлиқ глобал чақириқларни таҳлил қилиш ва муҳокама этишга қаратилди. Форум мазмунан – сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт ва глобал бошқарув, йирик давлатлар ўртасидаги муносабатлар ва минтақавий бошқарув, шунингдек, “умумий келажак” концепцияси доирасида барқарор ривожланиш масалалари каби учта устувор йўналиш  асосида ташкил этилди.

Айтиш керакки, жорий йилги Шанхай халқаро форумининг ўзига хос жиҳатларидан бири иштирокчилар таркибининг юқори нуфузли ва кенг қамровли бўлганидир. Хусусан, БМТнинг 8-Бош котиби Пан Ги Мун каби халқаро даражадаги шахсларнинг иштироки тадбирнинг дипломатик аҳамиятини янада оширди.

Муҳокамаларда халқаро ташкилотлар ва илмий марказлар вакиллари ҳам фаол қатнашди. Жумладан, Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссия (ESCAP), БМТ Тараққиёт дастури (UNDP), Жаҳон метеорология ташкилотининг дастури, БМТ Атроф-муҳит дастурининг (UNEP) рақамли офиси, Табиий офатлар хавфи бўйича интеграциялашган тадқиқотлар (IRDR), Осиё-Европа жамғармаси (ASEF), Макс Планк метеорология институти каби 40 га яқин халқаро ташкилотлар, таҳлил марказлари вакиллари иштирок этди.

Шанхай-2026 халқаро форумида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Ўзбекистоннинг рақамли трансформация соҳасидаги тажрибасини тақдим этди. У ўз нутқида халқаро технологик компаниялар билан ҳамкорлик миллий корхоналарни глобал бозорларга интеграция қилиш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратаётганини таъкидлади.

Шунингдек, тақдимотда янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида мамлакатимизда инвестициялар, савдо, рақамли трансформация ва транспорт ўзаро боғлиқлиги соҳаларида эришилган натижалар қайд этилди.

Умуман олганда, мазкур халқаро форумда Ўзбекистон томонининг иштирок этиши “Тараққиёт стратегияси” марказининг Осиё, Европа, Америка ва Яқин Шарқдаги таҳлилий тузилмалар билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати