• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

БМТ БОШ АССАМБЛЕЯСИ РЕЗОЛЮЦИЯСИ МУҲОКАМАСИГА БАҒИШЛАНГАН ДАВРА СУҲБАТИ ЎТКАЗИЛДИ

21-август куни Олий Мажлис Сенатида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ойлиги доирасида “Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг роли: янги вазифалар ва имкониятлар” мавзусида БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Мазкур тадбир Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси  ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, дипломатлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2026 йил 24 июль куни қабул қилинган “Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюциянинг мазмун-моҳияти муҳокама қилинди.

Резолюция ижтимоий адолатни таъминлаш, ижтимоий ривожланишни жадаллаштириш ва 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентларнинг қонун ижодкорлиги ва назорат ваколатларини кучайтиришга қаратилган.

Давра суҳбатида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков маъруза билан иштирок этиб, мазкур резолюцияда белгиланган мақсад ва вазифаларни миллий парламент амалиётига татбиқ этиш масалаларига тўхталди. У резолюциянинг аҳамияти унинг қоидаларини амалда, хусусан, қонунчилик, бюджет ва парламент назорати механизмлари орқали инсон ҳаётидаги аниқ натижаларга айлантиришда намоён бўлишини таъкидлади.

Шунингдек, Марказ раҳбари ижтимоий ривожланишни таъминлашда парламент назоратини кучайтириш, бюджет маблағларининг ижтимоий натижадорлигини баҳолаш, аҳоли гуруҳлари кесимида ишончли маълумотлардан фойдаланиш ҳамда фуқароларни парламент жараёнларига фаол жалб этиш резолюцияда белгиланган мақсадларни миллий даражада амалга оширишнинг муҳим шартлари эканини қайд этди.

Муҳокама давомида резолюция мақсадлари Ўзбекистонда инсон қадрини юксалтириш, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ижтимоий ҳимоя, таълим ва тиббиётни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар билан уйғунлиги таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистон парламентининг БРМни миллий қонунчилик ва давлат дастурларига интеграция қилиш, улар ижросини парламент назоратига олиш ҳамда аҳоли муаммоларини парламент механизмлари орқали ҳал этишдаги роли қайд этилди. Маҳаллий Кенгашларнинг БРМни ҳудудларда амалга оширишдаги иштироки, хотин-қизлар ва ёшларнинг парламент фаолиятидаги роли ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, 61 та давлат ҳаммуаллифлигида қабул қилинган мазкур резолюция халқаро ҳамжамиятнинг кенг қўллаб-қувватловига эга. Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган ҳужжат парламентларни ижтимоий ривожланиш ва БРМга эришиш жараёнларида фаол иштирок этишга йўналтирувчи муҳим халқаро асосдир.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати