• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Рейнис Трокша
27152 | 13 Апр. 2024 й.

Рейнис Трокша,
Латвия Республикасининг
Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси

– Латвия портлари ва “Рига аэропорти” хаби Марказий Осиё билан Европа ўртасида юк ташиш ҳамда логистика бизнесини ривожлантириш, шунингдек Шимолий Европа минтақасига маҳсулот етказиб берувчи ишлаб чиқариш ва тарқатиш марказлари яратиш учун жуда қулай шароит яратади. Шу нуқтаи назардан Латвия жадал ривожланаётган Ўзбекистон бозорида улкан салоҳият кўрмоқда. Бу нафақат фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, машина ва ускуналар каби анъанавий тармоқлар, балки ахборот-коммуникация технологиялари сингари замонавий соҳаларда ҳам янги имкониятлар очмоқда. 2024 йил Латвия Ўзбекистонга 10 дан зиёд савдо миссияси ташкил этгани иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашдан ўзаро манфаатдорлик белгисидир.

 

Бизнинг корхоналаримиз маҳаллий компаниялар фаолияти самарадорлигини ошириб, Европа бозорига чиқиш йўлида кўмаклашишга интилмоқда.

Масалан, икки давлат IT мутахассислари ва инноваторлари иштирокида, “ICT WEEK UZBEKISTAN 2024” доирасида ўтказилган Латвия – Ўзбекистон рақамли коммуникациялар форуми шерикликни ривожлантириш учун қулай майдонга айланди. Латвия компаниялари Ўзбекистонни минтақавий марказ сифатида кўряпти ва республикадаги фаолияти орқали ҳамкорлик кўламини бутун Марказий Осиё ҳисобига кенгайтиришни хоҳламоқда.

Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларга ҳам алоҳида эътибор қаратиб, самарали бошқарув тамойилини фаол илгари сурмоқда. Латвиялик мутахассисларнинг республикага қизиқиши юқори, ўзбекистонликлар ҳам бирга ишлашга тайёр. Биз ҳамкорларимизни барқарор иқтисодий ўсиш, хусусан қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва Европа Иттифоқи меъёрига мос стандартни амалиётга жорий этиш орқали қўллаб-қувватлаймиз. Айни жараёнда гендер тенгликни таъминлаш орқали хотин-қизлар имкониятини ошириш, қишлоқ жойларида давлат хизмати кўрсатиш бўйича самарали тизим шакллантириш муҳим ҳисобланади. Бу барқарор ривожланиш мақсадларига содиқликни ифодалайди.

Республиканинг иқлим ўзгаришига қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракати эътирофга лойиқ. 2023-2024 йилларда Латвия маҳаллий ва минтақавий бошқарув идоралари ассоциацияси “Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатини юмшатиш ва табиатга мослашиш бўйича барқарор сиёсатни режалаштириш” лойиҳасини йўлга қўйди. Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида қишлоқ хўжалиги соҳасида бир неча янги ташаббус илгари сурилган. Яъни, Ўсимликларни ҳимоя қилиш давлат хизмати томонидан “Ўзбекистондан озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини кўпайтириш учун фитосанитария тизимини такомиллаштириш” режаси амалга оширилмоқда.

Яна бир муҳим ташаббус – Булдури боғдорчилик мактабининг “BioDigiSkills” лойиҳаси биотехнология ва рақамли кўникмани интеграциялаш орқали боғдорчиликни модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги барқарор ривожланишига ҳисса қўшиш мақсадини кўзлайди. Бундан ташқари озиқ-овқат ва ветеринария хизмати аквакультура секторини мустаҳкамлашга йўналтирилган лойиҳада иштирок этяпти.

Ўзбекистондаги аквафермалар ва балиқни қайта ишлаш корхоналари расмий назорат тизимини мустаҳкамлаш, ускуналарнинг талабга мувофиқлигини таъминлаш ЕИ стандартига мослашишга кўмаклашади. Бу Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси хабардорлигини ошириб, халқаро бозорга чиқишни осонлаштиради.

Ўзбекистон Латвия Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш агентлиги (CFCA) учун пилот давлатга айланди. Тузилмамиз аллақачон ЕИ, ГФР халқаро ҳамкорлик жамияти каби хорижий донорлар томонидан молиялаштирилаётган турли лойиҳаларда иштирок этиб, самарали бошқарув соҳасини такомиллаштиришга ҳисса қўшмоқда. Европа жамоасининг Марказий Осиёда рақамли уланиш ташаббусини амалга оширишга қаратилган биринчи Кўп томонлама ҳамкорлик шартномаси (MPCA) имзоланиши бу йўлдаги жиддий ютуқлардан биридир. Давлат корхоналари ва хусусий секторда рақамли уланиш хизматидан фойдаланиш, жараёнда қишлоқ ҳудудларига ва гендер тенгликка алоҳида урғу бериш кўзда тутилган.

Давлатимиз ЕИнинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган Марказий Осиёда чегараларни бошқариш (BOMCA) дастурида ҳам фаоллик кўрсатяпти.

Бир сўз билан айтганда, Латвия Ўзбекистоннинг кўплаб муҳим соҳаларда ривожланишини мунтазам қўллаб-қувватлаш, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга кўмаклашиш тарафдори.

Манба: ЎзА


2
Похожие новости