• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Мазмун-моҳияти
100746 | 18 Ян. 2025 й.

“Ўзбекистон – 2030 стратегияси

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сон фармонига мувофиқ “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тасдиқланди. Мазкур ҳужжат келгуси 7 йилда Ўзбекистоннинг асосий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат ҳисобланиб, 5 та устувор йўналиш доирасида 100 та мақсадга эришишга қаратилган. Унинг мақсадлари ва самарадорлик кўрсаткичлари аҳоли томонидан осон қабул қилиниб, тушуниш учун қулай шаклда баён этилган.

“Ўзбекистон — 2030” стратегияси мамлакатнинг барқарор ва инклюзив ривожланишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ривожланиш йўналишларини белгилайди. Унда турли соҳалардаги ислоҳотлар, иқтисодий ўсиш, таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимларининг такомиллаштирилиши, экологик барқарорликни таъминлаш ва давлат бошқарувини замонавийлаштириш каби мақсадлар кўзда тутилган.

Шунингдек, Стратегия халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадларига хизмат қилади.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ўзида қуйидаги асосий ғояларни акс эттирган:

  • барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш;
  • аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш;
  • аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш;
  • халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш;
  • мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси қуйидаги 5 та устувор йўналишдан иборат:

  • ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш;
  • барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш;
  • сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
  • қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш;
  • “хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.

Президент фармони билан “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш барча давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида энг устувор вазифа этиб белгиланган.

Унга кўра, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган ва амалга оширилиши давом этаётган, ўз аҳамиятини йўқотмаган барча мақсадларга эришиш ва долзарб вазифалар бажарилиши таъминланади.

“Ўзбекистон — 2030”  стратегияси Ўзбекистонда ҳар бир йилга бериладиган номлардан келиб чиқиб қабул қилинадиган Давлат дастурлари асосида амалга ошириб борилади. Стратегияни тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш, шунингдек, уни амалга ошириш бўйича тегишли йиллик дастурларни тайёрлаш ва ижросини мувофиқлаштириш “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси зиммасига юкланган.

“Тараққиёт стратегияси” маркази