• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Давлат дастури ижроси: сел-сув омборлари ва бошқа сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган Концепция тасдиқланди


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони билан 2020 йилги Давлат дастурининг 133-банди ижроси таъминланди.

Ушбу ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланмоқда.

Маълумот учун: Ҳозирда фойдаланилган ўртача йиллик сув миқдори 51-53 миллиард куб метрни, жумладан, 97,2 фоизи дарё ва сойлардан, 1,9 фоизи коллектор тармоқларидан, 0,9 фоизи эса ер остидан фойдаланиб, ажратилган сув олиш лимитига нисбатан 20 фоизга қисқарган.

Сув омборлари, сел-сув омборлари ва бошқа сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини ҳамда ишончли ишлашини таъминлаш Концепциянинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Фармон асосида 2030 йилга қадар қуйидаги кўрсаткичларга эришиш мақсад қилинган:

  • суғориш тизимларининг фойдали иш коэффициентини 0,63 дан 0,73 гача ошириш;
  • сув таъминоти паст даражада бўлган суғориладиган ер майдонларини 560 минг гектардан 190 минг гектаргача камайтириш;
  • шўрланган суғориладиган ер майдонларини 226 минг гектарга камайтириш;
  • Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларининг йиллик электр энергияси истеъмолини 25 фоизга камайтириш;
  • барча ирригация тизими объектларига “Smart Water” (“Ақлли сув”) сув ўлчаш ва назорат қилиш қурилмалари ўрнатилиб, сув ҳисобини юритишда рақамли технологияларни жорий этиш;
  • 100 та йирик сув хўжалиги объектларида сувни бошқариш жараёнларини автоматлаштириш;
  • қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш;
  • сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида 50 та лойиҳани амалга ошириш.

Шунингдек, ҳужжатда назарда тутилган вазифаларнинг тўлиқ ва ўз муддатида бажарилишини таъминлаш мақсадида Сув хўжалиги тизимида масъул бошқарма ташкил этилади.

Бундан ташқари, Кластерларга ўз балансидаги қишлоқ хўжалиги экин ерларида жойлашган сув хўжалиги объектларини бошқариш йўналишидаги Сув хўжалиги вазирлигининг функцияларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўтказиш тўғридан-тўғри музокаралар орқали амалга оширилади.

Шу билан бирга, Фармон билан концепцияда белгиланган вазифаларни 2020-2022 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харита”си тасдиқланди.

Унга кўра, сув ресурсларини бошқариш, сувдан самарали фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш мақсадида Сув кодекси ишлаб чиқилади.

Ҳулоса ўрнида айтиш керакки, мазкур концепциянинг амалиётда тўлиқ ишлаши Республикада 2020-2030 йилларда аҳолини ва иқтисодиётнинг барча тармоқларини сув билан барқарор таъминлаш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалигига бозор тамойиллари ва механизмларини ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, сув хўжалиги объектларининг ишончли ишлашини таъминлаш ҳамда ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати