"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

COVID-19НИНГ ДАВЛАТЛАР ХАВФСИЗЛИК СИЁСАТИГА ТАЪСИРИ ВА МИНТАҚАВИЙ ҲАМКОРЛИК МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Жорий йилнинг 11 август куни АҚШнинг Вашингтон шаҳрида жойлашган “Каспий сиёсати маркази” (“Caspian policy center”) томонидан “COVID-19 даврида Каспий минтақаси: пандемиянинг давлатлар хавфсизлик сиёсатига таъсири ва минтақавий ҳамкорлик” мавзусида онлайн давра суҳбати ташкил этилди.

АҚШ Давлат департаменти вакили, Элчи Ҳенри Эншер модераторлигида ўтган мулоқотда иштирокчилар глобал пандемиянинг глобал ва минтақавий хавфсизликка таъсири ҳамда трансмиллий таҳдидларга қарши курашда самарали халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ва имкониятларини муҳокама қилишди. Видеоконференцияда Ўзбекистон, Жанубий Кавказ, Каспий бўйи ва Марказий Осиё минтақаларидан бир қатор минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича етакчи мутахассислар ҳамда АҚШ Мудофаа вазирлиги ва Давлат департаментларининг юқори мартабали вакиллари маърузалар билан қатнашишди.

Нуфузли тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков сўз олиб,Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилиши билан аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланиб, ўз вақтида карантин тартиби жорий қилинганини қайд этди. Маърузачи қайд этганидек, давлат эпидемиологик ҳолатни назоратга олиш билан бир қаторда, фуқаролар орасида коронавирус ҳақида ваҳима уйғотувчи турли миш-мишлар ва нотўғри маълумотлар тарқалишини олдини олиш мақсадида, ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳолига тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етиб боришини таъминламоқда. Ўзбекистон глобал пандемиянинг илк кунлариданоқ, Марказий Осиё ва бошқа етакчи давлатлар билан коронавирусга қарши ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ташаббусини илгари сурди ҳамда Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Венгрия, Беларус, Хитой, Россия ва бошқа давлатларга ўзбек халқи номидан гуманитар ёрдам жўнатди.

Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов ҳам иштирок этиб, Ўзекистоннинг Кавказ, Каспий ва Марказий Осиё минтақалари давлатлари билан икки ва кўп томонлама ҳамкорликлари масалаларига тўхталди ҳамда глобал пандемия таъсирига қарамасдан минтақалараро иқтисодий, савдо, транспорт ва гуманитар соҳалардаги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга оид аниқ чоралар ҳақида фикр алмашди.

Шунингдек, тадбирда АҚШ Мудофаа вазирлиги қошидаги Марказий Осиё сиёсати маркази директори Кларк Адамс, Озарбайжон Президенти ёрдамчиси, Президент маъмурияти ташқи сиёсат масалалари бўлими бошлиғи Ҳикмат Ҳожиев, Озарбайжоннинг АҚШдаги элчиси Элин Сулейманов, Қозоғистон халқаро муносабатлар кенгаши вакили, АҚШнинг Европа Иттифоқи ва Бельгия Қироллигидаги миссияси АҚШ чегара ва божхона хизмати атташеси Кристина Белл ва АҚШ қуролли кучларининг Европа қўмондонлигидаги АҚШ чегара ва божхона хизмати вакили Эндрю Бреитхаупт ўз маърузалари билан қатнашишди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати