"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ҚУРИЛИШИ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ
1821 | 04 Сен. 2020 й.

МУНДАРИЖА


1. Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш.

2. Давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш.

3.Жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш.

 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўналишида 38 та банднинг бажарилиши назарда тутилган.

Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасидаги ислоҳотлар натижалари бўйича 2020 йилги Давлат дастури доирасида 2 та Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма Қарори, 1 та Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарори, 1 та Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қарори, 1 та Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1 та қарори, 2 та фармойиши, 1 та Сенатнинг ва 1 та Вазирлар Маҳкамасининг чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Шунингдек, Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида «Ёшлар парламенти» фаолиятига кўмаклашиш тўғрисидаги ҳамкорлик Битими имзоланди.

Бундан ташқари, мазкур йўналиш доирасида 2020 йилнинг 1-ярим йиллигида кенг кўламли ишлар олиб борилди.

1.1.Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш йўналишида

2020 йил 27 февраль куни Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилди ва унинг регламенти тасдиқланди.

Парламент комиссияси Барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш, мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш, ҳукумат ҳузурида ташкил этилган тегишли Мувофиқлаштирувчи кенгаш ва масъул тузилмаларнинг даврий ҳисоботларини эшитиш,ушбу мақсадларнинг амалга оширилиши устидан миллий ҳамда ҳудудий даражада ўрганишлар олиб бориш,ўрганишлар натижаларидан келиб чиқиб, қонунчиликни янада такомиллаштириш, долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш масалалари билан шуғулланади.

2020 йил давомида Комиссия томонидан 17 та Барқарор ривожланиш мақсадларидан 8 тасининг амалга оширилишини ўрганиш назарда тутилмоқда.Бунда 6600 дан ортиқ маҳаллий Кенгашлар депутатларининг салоҳиятидан фойдаланилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш амалиёти йўлга қўйилди. 2020 йилнинг 12 март куни Ўзбекистоннинг Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Испания, Италия, Латвия, Польша, Туркия, Франция, Грециядаги элчиларининг ҳисоботлари эшитилди.

Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорлигини янада кучайтириш мақсадида Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар ҳудудлардаги маҳаллий Кенгашларга масъул этиб бириктирилиб, маҳаллий Кенгашларда “сенаторлар хоналари” ташкил этилди.

Сенатнинг Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш жараёнлари устидан ҳудудлар манфаатидан келиб чиққан ҳолда назорат олиб бориш фаолиятини кучайтириш, давлат бюджети, иқтисодиёт, пул-кредит сиёсати масалаларида сенаторларга профессионал ва холис ахборот-таҳлилий, экспертлик хизматини ташкил этиш мақсадида Сенат Кенгашининг 2020 йил 9 мартдаги КҚ-19–IV-сонли қарорига мувофиқ Сенат девони таркибида Давлат бюджети, пул-кредит сиёсати ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини таҳлил қилиш бошқармаси ташкил қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияларнинг фаоллигини ошириш мақсадида ЎзЛиДеП, ЎзМТДП, “Адолат” СДП, ЎзХДП ва Экологик партия фракцияларининг сайловолди учрашувларда аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни  ҳал этиш бўйича аниқ дастур ва “йўл харита”лари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Ёшларнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ёшлар партламенти” тузилди ҳамда 29 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида «Ёшлар парламенти» фаолиятига кўмаклашиш тўғрисидаги ҳамкорлик Битими имзоланди.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, жамиятда ёшларни сиёсий фаол қатламга айлантириш ҳамда уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини амалда бойитиш, қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига ёшларни жалб қилиш ва қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини ошириш “Ёшлар парламенти”нинг мақсади этиб белгиланди.

“Ёшлар парламенти” ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, тегишли сиёсий партиялар ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқига ҳисобдор бўлиб, “Ёшлар парламенти” аъзоси парламентнинг ваколатлари муддатига жамоатчилик асосида сайланади.

“Ёшлар парламенти” аъзосига комиссия томонидан гувоҳнома ва кўкрак нишони берилади.

1.2. Давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятида халқ билан мулоқот қилишнинг “қайта алоқа” воситаларини кенг жорий қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Мазкур дастурга мувофиқ Ҳукумат қарорлари ижросини ташкил этишда кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш амалиётини йўлга қўйиш, ижтимоий тармоқларда Ҳукумат қарорлари ижроси бўйича аҳоли фикрини ўрганиш учун махсус саҳифалар очиш, ҳокимларнинг тадбиркорликка оид қарорларини Ҳукумат томонидан мониторинг қилиб бориш ва унинг натижалари юзасидан тегишли чораларни кўриш назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 219-сонли қарори қабул қилиниб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллий дастурларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишиш тартиби жорий қилинди.

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазири виртуал қабулхонаси ахборот тизими – “business.gov.uz” Ягона интерактив порталини моддий-техник жиҳатдан такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги 214-ф-сон фармойиши қабул қилинди. Мазкур хужжатга мувофиқ портални модернизация қилиш бўйича техник талабларни ишлаб чиқиш, тизим ва мобиль илованинг талабларини ўрганиш ва таҳлил қилиш, ўтказилган ўрганишлар асосида талабларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш назарда тутилган.

1.3. Жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш

«Жамият — ислоҳотлар ташаббускори» деган янги ғояни амалда рўёбга чиқариш, аҳолининг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштироки кўламини кенгайтириш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини ўрнатиш, шунингдек давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Жамоатчилик палатаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жамоатчилик палаталари ташкил этилди.

Жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 50 нафар аъзодан иборат таркибда шакллантирилди.

 

  • Жамоатчилик палатаси ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузаларни тақдим этади;
  • Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари аъзолари ҳар бир давлат органининг очиқ ҳайъат мажлисида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида, «Ҳукумат соати»да, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашлари мажлисларида иштирок этишга ҳақли;
  • Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари давлат органлари ва ташкилотларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан Жамоатчилик палатаси сўровини юбориш ҳуқуқига эга. Бунда давлат органлари ва ташкилотлари сўровга жавобни, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, у олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши лозим.

 

Бутун дунёда бўлгани каби, пандемия шароитидаги мураккаб вазият Ўзбекистонда ҳам 2020 йилнинг 1-ярим йиллиги давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда аввал кўзда тутилган натижаларга эришишга ўз таъсирини кўрсатди. Бироқ, юқоридагилардан кўриниб турибдики, пандемия ва иқтисодий инқирозга қарамай, назарда тутилган ислоҳотларни амалга ошириш учун керакли чоралар кўрилди ва дастлабки натижалар қўлга киритилди.

Ўз ўрнида, шуни қайд этиш лозимки, Давлат дастуридаги айрим бандларнинг бажарилиши юзасидан қўшимча муддат талаб этилгани ҳамда шароит ва ҳолатга боғлиқ бўлган бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлиги ҳисобга олиниб, 19 та банд бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари масъул вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилиб, норматив ҳужжатларни қабул қилувчи субъектларга киритилган ҳамда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.


3
Похожие новости