• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
БМТ БОШ АССАМБЛЕЯСИНИНГ 75-СЕССИЯСИ: ЎЗБЕКИСТОН БУГУН ҲАМ ИБРАТЛИ ТАШАББУСЛАРНИ ИЛГАРИ СУРАДИ
3387 | 23 Сен. 2020 й.

Элдор Туляков,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори

Бугун янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар, олиб борилаётган очиқ-ошкора, прагматик ички ва ташқи сиёсат халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланиб, мамлакатимиз қатъий, чуқур ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг янги босқичига қадам қўйиб, мустаҳкам сиёсий иродасини намойиш этаётгани, бу йўлда Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар ўзига хос хусусиятга эга экани эътироф этилмоқда.

Айниқса, Ўзбекистоннинг хориж давлатлари билан ўзаро тенг манфаатларга асосланган дўстона алоқалари, ўз навбатида, халқаро ташкилотлар ва тузилмалар билан самарали ҳамкорлик қилаётгани юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўрни ва нуфузи тобора мустаҳкамланиб боришида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу ўринда, айниқса, Ўзбекистоннинг БМТдек нуфузли ташкилот билан ҳамкорлиги сўнгги йилларда янгича мазмун-моҳият касб этиб, фаол ва кенг қамровли доирада мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Бунга асос албатта Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, ҳалқ муҳокамасидан ўтказилган Ҳаракатлар стратегиясидир. Чунки ушбу ҳужжат ҳалқаро экспертлар хулосаларига кўра, айнан БМТнинг Барқарор Ривожланиш Мақсадларига тўлиқ мос келиб, халқаро майдонда илгари сурилаётган асосий ислоҳотларнинг мамлакатимиз доирасида ҳам тадбиқ этилишига туртки бўлмоқда. Айнан Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб олинган бош мақсадлардан келиб чиқиб эса, ҳар йилги Давлат дастурлари қабул қилиниб, изчил амалга ошириб келинмоқда. Бунда ҳам албатта демократия тамойилларига таяниб, хусусан халқ хокимиятчилиги амалда таъминланишини инобатга олиб, ҳар бир Давлат дастури қабул қилинишидан аввал халқ муҳокамасидан ўтказилмоқда.

Шундай қилиб, мамлакатимизнинг БМТ ва унинг ихтисослашган ташкилотлари билан ҳозирги кундаги ҳамкорлигини қуйидаги йўналишларда кўриш мумкин:

– инсон ҳуқуқларини таъминлаш, (мажбурий меҳнатни бекор қилиш, озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг, терговдаги шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, бола ҳуқуқларини таъминлаш, одил судловни кафолатлаш, қонун устуворлигини таъминлаш);

– экологик муаммоларнинг ечимини топиш (Орол бўйи минтақасини ривожлантириш, Саноатда замонавий технологияларни қўллаш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Орол денгизи қуришининг олдини олиш);

– гендер тенгликни таъминлаш масалалари;

– минтақавий хавфсизлик масалалари (диний экстремизм ва терроризим, одам савдосига қарши кураш, Афғонистонда тинчликни таъминлаш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишининг олдини олиш ва бошқалар);

– шунингдек, долзарб аҳамиятга эга бошқа ижтимоий-иқтисодий масалалар.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, ҳозирги кунда коронавирусга қарши кураш ва бу пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий барқарорликка салбий таъсирини юмшатиш бутун дунё миқёсидаги глобал муаммо бўлиб турибди. Бу борада ҳам БМТ ва унинг ихтисослашган ташкилотлари билан фаол ҳамкорлик амалга оширилмоқда.

Пандемия шароитидан келиб чиқиб, БМТ Бош Ассамблеясининг бу йилги 75-сессияси ҳам ўзгача тарзда, яъни онлайн шаклида ўтказилмоқда. Кўриб турганимиздек, пандемия шароити энг нуфузли анжуманлар ишига ҳам таъсир қилди, бу эса, шундай муҳим тадбирларнинг ҳам ҳозирги шароитга мослашиши лозимлигини тақозо этади.

Мазкур 75-юбилей сессиясининг кун тартиби жуда кенг қамровли эканига эътибор қаратиш лозим. Хусусан, унда:

– COVID19га қаршиш ҳамжиҳатликда курашиш;

– минтақавий хавфсизлик;

– инсон ҳуқуқларини илгари суриш;

– Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш;

– терроризмга қарши курашиш;

– гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига чек қўйиш;

– иқтисодий ҳамкорлик;

– экология муаммолари ва бошқа масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Бу юқори даражадаги анжуманда Ўзбекистоннинг иштироки ҳақида тўхталадиган бўлсак, энг аввало, Ўзбекистон Президентининг 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида ҳам қатор муҳим таклиф-ташаббусларни илгари сургани ва ўз фикр-мулоҳазаларини баён этганини эслаб ўтиш жоиз.

Хусусан, Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган барча ташаббуслар жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.

Жумладан, Шавкат Мирзиёевнинг 6 та ғоясидан 5 таси ҳозирга қадар амалга ошганини кўриш мумкин:

1. 2018 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” деб номланган резолюцияси;

2. 2018 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” тўғрисидаги резолюцияси;

3. “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” резолюциялари қабул қилинди.

4. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари йўлга қўйилди;

5. Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосидаги Траст фонди ташкил қилинди;

Бугунги кунда БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳасини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Биламизки, бу масала яқиндагина инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми доирасида кенг муҳокамадан ўтказилди. Яъни, бу масала мураккаблиги боис кўпроқ вақт талаб қилишини инобатга олиш зарур.

Ишончимиз комилки, бугунги сессия ишида ҳам кун тартибидан келиб чиқиб, Ўзбекистон томонидан қатор муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлган ташаббуслар илгари сурилади. Шунинг учун ҳам бутун халқимиз бугун соат 18:00да Ўзбекистон Республикаси Президенти сўзлайдиган нутқни ўзгача иштиёқ билан кутмоқда.

Фикримизча, Давлат раҳбарининг маърузасида ушбу ташаббуслар қаторида “Оролбўйи — экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” номли БМТнинг резолюция лойиҳаси илгари сурилади.

Мазкур резолюция лойиҳаси Оролбўйи ҳудуди аҳолисининг турмуш даражасини ўстириш, атроф-муҳит ҳолатини яхшилашга қаратилган янги, инновацион ва замонавий технологик ечимларни амалга оширишда инвестицияларни жалб этиш ҳамда ҳудудий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, мазкур ташаббус яшил иқтисодиёт тамойилларини, экологик тоза, энергия ва сувни тежайдиган технологияларни комплекс амалга ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлайдиган технологияларни жорий этиш, чўлланишнинг олдини олиш, экологик миграция ва экотуризмни ривожлантириш масалаларини ҳам қамраб олган.

Орол масаласи нафақат Ўзбекистоннинг, балки жаҳон миқёсидаги глобал муаммо эканини инобатга олсак, бу масала нақадар долзарб эканини яна бир карра англаймиз. Шу боис ҳам бу муаммони ҳал қилишда халқаро ҳамжамият билан биргаликда, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқдир.


2
Похожие новости