• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Суд-ҳуқуқ тизими: Ўзбекистон ва Германия


Жорий йилнинг 24 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Олий cуди, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ф.Эберт номидаги Фонд ҳамда Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида “Одил судлов самарасини ошириш – давр талаби” мавзусидаги ўзбек-немис давра суҳбати бўлиб ўтди.

Элдор Туляков, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори

- Ҳаракатлар стратегияси амалга ошириб борилаётганидан буён ўтган салкам 4 йиллик жараёнга назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистонда судлар «адолат қўрғонига айланиши лозим», деган тамойил давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланиб, бу тамойил реал ҳаётимизда ҳам ўз аксини топаётганини кўришимиз мумкин.

Бу борада, энг аввало, Давлат раҳбарининг ташаббуси билан cуд тизимида долзарб ўзгаришлар, муҳим янгиланишлар амалга оширилди. Биринчи навбатда, ягона суд амалиёти шакллантирилди. Судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ошкора ва муқобил танлов тизими яратилди. Судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди.

Судьялар олдига халқ билан мулоқот қилиш, жойларга бориб одамлар дардига қулоқ тутиш, манфаатларини ҳимоя қилиш топширилди.

Мазкур халқаро тадбирни ташкил этишдан асосий мақсади Давлат раҳбарининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятини маҳаллий ва халқаро жамоатчиликка етказишдан иборатдир. Сабаби, ушбу ҳужжат суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилишга, инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга, шунингдек суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Тадбирда таъкидланганидек, ушбу Фармонда вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш белгиланган. Бу эса фуқаро ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари учун судловга тегишлилик қоидаларининг бир мунча мураккаблиги боис, фуқаролик ишлари бўйича судлардан маъмурий судларга, маъмурий судлардан иқтисодий судларга қайта-қайта мурожаат қилиш ҳолатларига чек қўйди.  Айтиш жоизки, Франция, Италия, Канада, Жанубий Корея, Қозоғистон, Беларусь каби ривожланган давлатларда ҳам ягона суд амалиёти шакллантирилган.

Шунингдек, суд тергови жараёнида инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлиги тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят судларида дастлабки эшитув босқичи жорий этилди. Мазкур институт АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция шу жумладан МДҲ мамлакатларида ҳам жорий этилган. Халқаро давра суҳбатида Германиядан онлайн иштирок этган сиёсий ва ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчи, адвокат Герд Веллинг ҳам айнан дастлабки тингловлардаги Германия тажрибаси бўйича маъруза қилди.

Шунингдек, тадбирда Европа Иттифоқи тажрибаси мисолида коррупцияга қарши курашнинг фуқаролар ҳуқуқларининг таъминланишидаги ўрни, маъмурий иш юритишни ислоҳ этилишининг бизнес ва иқтисодиёт учун  аҳамияти, суд тизимининг шаффофлигини таъминлаш инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоясида алоҳида ўрин тутишига доир маърузалар тингланди ва ўзаро тажриба алмашилди.

Ўзбекистонлик соҳа мутахассислари ҳам судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш бўйича махсус Дастур ишлаб чиқилаётгани ҳамда унга кўра, жорий йил якунига қадар судлар фаолиятида “Адолат” ахборот тизимлари комплекси жорий этилиши ҳақида маълумот беришди.

Таъкидланишича, тизим орқали давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлик тузилмалари ҳамда адвокатлар судларга фақат электрон шаклда мурожаат қилиш имкони яратилади Жорий йил якунига қадар барча судларда суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда мажбурий қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда юритиш тартиби жорий этилади.

Давра суҳбати қизғин баҳс-мунозаралар, таклиф-мулоҳазалар, савол-жавобларга бой тарзда кечди. Давра суҳбати ўз ишини эртага ҳам давом эттиради.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати