• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ПАРЛАМЕНТ ДЕПУТАТЛАРИГА НИМАЛАР ЎРГАТИЛДИ?


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисларидаги маърузаларида депутатларнинг малакасини доимий ошириб бориш юзасидан янгича тизим – депутатлик ўқувларини ва ҳудудларда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг тизимли ўқувини ташкил этиш амалиётини жорий этиш таклифи илгари сурилганди.

Булардан кўзланган мақсад – барча даражадаги депутатларнинг билим ва малака салоҳиятини ошириш, пировардида, Парламент ҳамда маҳаллий Кенгашларнинг фаолият самарадорлигини бугунги замон талаблари даражасида ташкил этишдан иборатдир.

Шулардан келиб чиқиб, “Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури ҳамкорлигида депутатлар учун туркум ўқув машғулотларини ўтказиб бориш анъанага айланганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Мазкур йўналишдаги туркум семинар-тренингларнинг навбатдагиси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари учун ташкил этилди. “Қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасида миллий парламент аъзоларининг салоҳиятини ошириш” мавзусида ўтказилган семинарларнинг асосий мазмун-моҳияти – қонунчилик фаолияти, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, ижро этувчи ҳокимият устидан парламент назоратини таъминлаш ва гендер тенглиги ғояларини илгари суриш соҳасида миллий парламент аъзоларининг салоҳиятини ошириш масалаларига қаратилди.

Маълумки, депутатлар турли соҳаларда фаолият юритувчи, тажрибали, фидойи, жамиятда ҳурмат қозонган ва обрў-эътиборга эга шахслар орасидан сайланади. Лекин, улар депутатлик фаолиятини қандай олиб боришлари бўйича алоҳида ўқитилмайди, бу борада халқнинг ишончли вакиллари ҳаёт мактабида олган билимларига таянишади.  

Маълумотларга кўра, айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 112 нафари биринчи марта сайланган бўлиб, уларнинг 48 нафарини аёллар ташкил этади.

Видеоконференц алоқа шаклида ўтказилган семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик, парламент соҳасида кўп йиллик тажрибага эга инсон – Акмал Саидов қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини ошириш масалалари юзасидан маъруза қилди.

Унинг эътироф этишича, Давлат раҳбарининг 2018 йил 8 августдаги Фармони билан Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясининг қабул қилиниши норма ижодкорлиги фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичига кўтаришга хизмат қилмоқда.

Мазкур Концепцияга кўра, мавжуд барча қонунчилик базаси тўлиқ инвентаризациядан ўтказилди ва 200 га яқин Қонун, 500 дан ортиқ қонун ҳужжати тизимлаширилиб, 61 та янги Қонун қабул қилинди.

Шунингдек, айрим ҳолларда қонун ости ҳужжатлари қонунлар мазмунига зид ҳолда қабул қилингани аниқланди. 390 дан ортиқ ана шундай идоравий норматив ҳуқуқий ҳужжатлар бекор қилинди.

Давлат раҳбари парламент аъзолари олдига “Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт”, деган ҳақли талабни қўйган эди. Шунинг учун ҳам депутатлар қонун лойиҳалари ишлаб чиқилаётганида, уни ўз сайловчилари билан муҳокама қилиши, жамоатчилик муҳокамаларига қўйиши, қолаверса, бу борада халқаро экспертлар фикрини ҳам ўрганиши, яъни бу жараёнини демократлаштириши керак.

Шу билан бирга, депутатлар фақатгина Қонунни қабул қилиш билан чекланмасликлари керак, аксинча, уларнинг амалиётда ишлаши мониторингини ҳам изчил амалга оширишиб боришлари зарур.

Шунингдек, семинар-тренингларда юридик фанлари доктори Л. Саидова, салоҳиятли тренерлар А.Исломов, Н.Гаппарова ва бошқалар томонидан “Ораторлик маҳорати”, “Депутатлар фаолиятида гендер тенглик масалаларини илгари суриш маҳорати”, “Ижтимоий-иқтисодий таҳлил. Гендер бюджети: тушунча,тамойиллар, депутатларнинг роли” мавзуларида қизиқарли машғулотлар ўтказилди.

Тренингларда, шунингдек, депутатларнинг ўзлари ҳам фаол иштирок этиб, баҳс-мунозараларга бой муҳкомалар қизғин тус олди. Ушбу тадбир якунида эса, ҳар бир депутат ўзининг “Гендер тенглигини таъминлашда депутатларнинг вазифалари” номли тақдимотини ўтказди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати