"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

СУД ТИЗИМИ: ГЕРМАНИЯ ТАЖРИБАСИ ЎРТОҚЛАШИЛДИ

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Қирғизистон Республикаси Олий суди ҳамда Германиянинг ҳалқаро ҳамкорлик жамияти билан ҳамкорликда фуқаролик ишлари бўйича судьялар учун суд қарорларини тузишда тажриба алмашишга қаратилган семинар-тренинг ташкил этилди.

Тадбирда Германиялик экспертлар, Ўзбекистонлик ва Қирғизистонлик судьялар ҳамда суд ҳодимлари иштирок этишди.

Мамлакатимизда очиқлик ва ошкоралик асносида олиб борилаётган сиёсат натижасида судьялар ҳам ҳозирда аҳоли ва ОАВ вакиллари билан доимий мулоқот қилиб келмоқдалар. Учрашувлар жараёнида кўтарилаётган масалалар асосан суд қарорлари билан боғлиқ бўлиб, айнан уларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқроқ тушунтириш ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилмоқда. Шу боис ҳам мазкур тадбир ўзининг аҳамиятлилигини яна бир бор кўрсатмоқда.

Таъкидлаш жоиз, энг асосийси, суд қарорлари қонуний, адолатли ва асослантирилган бўлиши жоиз. Шу боис ҳам судья олдидаги ечимини кутиб турган ҳар бир масала ўзига хослиги билан ажралиб, суддаги тортишувлар, ҳар бир аниқ иш юзасидан аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, келтирилган далилларга ва энг муҳими, қонунларга асосланади. Яъни, ўхшаш низо бўйича суд қарори юқоридагиларни инобатга олган ҳолда айнан шунга ўхшаш низо юзасидан чиқарилган қарорга тўлиқ мос бўлмаслиги мумкин.

Бунда албатта процессуал қонунларда суд қарорларига нисбатан умумий талаблар ўрнатилганини ва уларга судьялар томонидан қатъий амал қилиниши лозимлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Мазкур семинарнинг асосий мақсади - ушбу масалада малакали судьялар билан фикр алмашиш ва имкон қадар тизимлашган қарорлар қабул қилишга оид таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Семинар давомида қатнашчиларга фуқаролик иш юритувида суд ҳал қилув қарорларини тузиш методикаси бўйича Германия тажрибаси ҳақида Германиянинг Ольденбург шаҳридаги биринчи инстанция суди судьяси Хорст Фрелс маъруза қилди. Бу, ўз навбатида, хорижий тажрибани миллий амалиёт билан таққослаб ўрганиш имкониятини яратди.

Шунингдек, семинарда суд ҳал қилув қарорларини тайёрлаш, ҳал қилув қарорларининг сифатини тартибга солиш бўйича талаблар, халқаро ва миллий судларимизнинг тегишли қоидалари ва амалиётига оид масалалар муҳокама қилинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати