"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ: ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ «ТАЪЛИМ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУН КУЧГА КИРДИ


«2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йилги «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 172-бандида «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгилаб берилган эди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур қонун лойиҳаси ишаб чиқилиши ва муҳокамаси бир нечта босқичдан ўтиб, такомиллаштириш жараёнида унинг бир қатор нормаларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Дастлаб мазкур қонун лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан киритилиб, ўтган йилнинг август-сентябрь ойларида умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Қисқа муҳлат ичида қонун лойиҳаси бўйича фуқаролар ва соҳа мутахассислари томонидан 200 дан ортиқ таклифлар берилди. Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасида фуқароларга таълим-тарбия бериш, касб-ҳунар ўргатишнинг ҳуқуқий асосларини ва таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принципларини белгилаш ҳамда ҳар кимнинг билим олишдан иборат конституциявий ҳуқуқини таъминлашдан иборат экани ҳисобга олиниб, унинг қабул қилиниш жараёни ҳам анча жиддий кечди.

Қонун лойиҳасини такомиллаштириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг масъул қўмиталари ҳамда ишчи гуруҳлари томонидан бир неча бор муҳокамалар ўтказилди. Тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида лойиҳанинг қоида ва нормалари маромига етказилди.

Натижада янги таҳрирдаги «Таълим тўғрисида»ги Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг 19 май куни, Сенат томонидан эса 7 август куни қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни мазкур Қонунни имзолаши билан, амалда бўлган 1997 йил 29 августдаги «Таълим тўғрисида»ги ҳамда «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги Қонунлар ўз кучини йўқотди.

Эндиликда амалга киритилган янги таҳридаги «Таълим тўғрисида»ги Қонун 11 та боб ва 75 та моддадан иборат бўлиб, таълимнинг қуйидаги турлари кўрсатиб ўтилган:

  • мактабгача таълим ва тарбия;
  • умумий ўрта ва ўрта махсус таълим;
  • профессионал таълим;
  • олий таълим;
  • олий таълимдан кейинги таълим;
  • кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
  • мактабдан ташқари таълим.

Қонунда, шунингдек, ҳар бир таълим турининг таркибий қисмлари ва босқичлари атрофлича таснифланган. Хусусан, унинг 9-моддасида умумий ўрта таълим босқичлари бошланғич таълим (1-4 синфлар), таянч ўрта таълим (5-9 синфлар) ва ўрта таълимдан (10-11 синфлар) иборат экани, ўрта махсус таълим эса академик лицейларда тўққиз йиллик таянч ўрта таълим асосида икки йил мобайнида амалга оширилиши ва таълим олувчиларнинг интеллектуал қобилиятларининг жадал ривожланишини, шунингдек чуқур, табақалаштирилган, касб-ҳунарга ва шахсга йўналтирилган таълим олишини таъминлаши таъкидланади. 

Бундан ташқари, профессионал таълим бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим даражаларига ажратилди. Бошланғич профессионал таълим касб-ҳунар мактабларида 9-синф битирувчилари негизида бепул кундузги таълим шаклида икки йиллик интеграциялашган дастур асосида амалга оширилади. Ўрта профессионал таълим коллежларда давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида давомийлиги икки йилгача бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича, ўрта махсус профессионал таълим эса техникумларда давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида давомийлиги камида икки йил бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича амалга оширилади.

Шунингдек, Қонунга кўра, давлат олий таълим, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, шунингдек давлат иштирокидаги олий, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари Президент ёки Ҳукумат қарорлари билан ташкил этилади. Нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш эса уларнинг таъсисчилари томонидан амалга оширилади.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлиб, таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш билан бирга, таълим сифатини замон талаблари даражасига кўтаришга хизмат қилади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати