"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ” МАРКАЗИ РАҲБАРИ НУФУЗЛИ ХАЛҚАРО САММИТДА ЎЗБЕКИСТОН НОМИДАН ИШТИРОК ЭТДИ

Жорий йилнинг 7-8 октябрь кунлари Туркиянинг “Мармара груп” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси томонидан “Дунё пандемиядан сўнг” мавзусида 23-Евроосиё иқтисодий саммити видеоконференция шаклида ташкил этилди.

Мақоми жиҳатидан юксак нуфузга эга бўлган мазкур халқаро анжуманда АҚШ, Австрия, Бельгия, Франция, Туркия, Словения, Хитой, Болгария, Македония, Хорватия каби дунёнинг 45 та мамлакатидан юқори мартабали давлат ва жамоат арбоблари, амалдаги ва собиқ давлат ҳамда ҳукумат раҳбарлари, парламентлар аъзолари, вазирлар, халқаро ташкилотлар раислари, элчилар, етакчи олим ва мутахассислар, дунёга таниқли экспертлар иштирок этишди. Тадбир глобал сиёсат, жаҳон иқтисодиёти ва энергетика, тинчлик ва хавфсизлик йўналишларидаги сессияларга ажратилган бўлиб, маърузачиларнинг чиқишлари интернет глобал тармоғида онлайн тарзда ҳамда Туркия ва бошқа хориж давлатларининг миллий ва халқаро телеканаллари орқали икки кун давомида мунтазам эфирга узатилди.

Нуфузли халқаро саммитнинг очилиш маросимида “Мармара груп” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси президенти Аккан Сувер барча давлатлар вакилларини глобал пандемияга қарши барча давлатлар ва халқаро ташкилотлар саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга, ўзаро манфаатли алоқалар юзасидан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, глобал инқирознинг салбий оқибатларини тезроқ бартараф этиб, барқарор ривожланиш даражасига эришишга чақирди.

Тадбирнинг биринчи кунида Туркия, Монголия ва Озарбайжон Парламенти аъзолари, Озарбайжон энергетика вазири Парвиз Шахбазов ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси раиси Георгий Церетелини сўзга чиқди.

Эътиборлиси, халқаро анжуманнинг биринчи кунида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳам Ўзбекистон томонидан асосий маърузачи сифатида иштирок этиб, мамлакатимизнинг глобал пандемияга қарши олиб бораётган миллий ислоҳотлари ва кўраётган самарали чора-тадбирлари ҳамда минтақавий ва халқаро даражадаги ҳамкорлиги юзасидан батафсил маълумот берди.

Элдор Туляков ўз чиқишида Ўзбекистон олиб бораётган фаол ташқи сиёсат глобал пандемия даврида янада жадаллашгани, нафақат Марказий Осиё, балки бошқа минтақалардаги давлатлар раҳбарлари билан мунтазам алоқалар изчиллиги таъминланиб, инқирозга қарши кураш ҳаракатларини мувофиқлаштиришга киришилганини таъкидлади. Қолаверса, пандемиядан азият чеккан давлатлар, хусусан, қўшни мамлакатларга Ўзбекистон халқи номидан инсонпарварлик ёрдамлари юборилди. Ўз навбатида, ҳамкор давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳам Ўзбекистонга коронавирус инфекциясига қарши курашда ҳам моддий, ҳам амалий кўмак беришди, тиббиёт соҳасида тажриба алмашинуви йўлга қўйилди.

Жумладан, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг коронавирус тарақалишига қарши курашдаги амалий ҳаракатларини юқори баҳолаш мумкин. Глобал пандемиянинг илк даврлариданоқ, Туркий кенгашга аъзо беш давлат – Озарбайжон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Туркия Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси раҳбарлари видеоанжуман тарзида навбатдан ташқари саммит ўтказиб, коронавирус пандемияси тарқалишига йўл қўймаслик борасида амалга оширилаётган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашдилар.

Пандемия даврида Ўзбекистонга бошқа ҳамкор давлатлар қатори Туркия Республикаси тўғридан-тўғри ва Туркий кенгаш орқали коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасида инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиб келмоқда.

“Мармара груп” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси президенти Аккан Сувер Ўзбекистон вакилининг маърузасини юқори баҳолаб, “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликни янада ривожлантириш лозимлигини таъкидлади.

Икки кун давом этган халқаро саммитда иштирок этган 45 та давлат вакиллари глобал пандемия сабабли юзага келган бугунги мураккаб вазиятда куч ва имкониятларни бирлаштириш, ўзаро тажриба алмашиш, иқтисодий инқироз оқибатларини бартараф этишда ҳамкорликда иш олиб бориш ва бошқа шу каби муаммолар юзасидан фикр алмашиб, ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.

Халқаро саммит якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

“Тараққиёт стратегияси”
маркази Ахборот хизмати.