"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ҲАМКОРЛИК МЕМОРАНДУМИ– БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИНИ КУЧАЙТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ


“Тараққиёт стратегияси” маркази ўз фаолият йўналишларидан келиб чиқиб, Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган чора-тадбирларнинг ижроси қай тарзда амалга оширилаётгани, бу борадаги камчилик ва сусткашликларга барҳам бериш, Стратегияда белгиланган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар юзасидан таклиф-тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида 50 дан ортиқ давлат, нодавлат, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳақида Меморандумлар имзолаган.

Жорий йилнинг 14 октябрь куни Марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил билан ҳам ана шундай Меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

– Ушбу Меморандум имзоланишининг бугунги тарихий кун – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясида Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига кўпчилик овоз билан сайлангани ҳақидаги хушхабар тарқалган санага тўғри келишида ҳам ўзига хос мазмун-моҳият мужассам, – деди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз сўзида. – Зеро, бола ҳуқуқлари инсон ҳуқуқларининг энг муҳим аҳамият қаратиш лозим бўлган ажралмас таркибий қисмидир. Кейинги вақтларда Ўзбекистонда бу соҳада амалга оширилаётган қатор чора-тадбирлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам ҳақли равишда эътироф этилмоқда. Жумладан, миллий қонунчилигимизга имплементация қилинган БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларига қатъий амал қилинаётгани, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ-манфаатлари соҳасидаги қонунчилик асослари халқаро стандартлар талаблари асосида мустаҳкамлаб борилаётгани, бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатлари амалда таъминланаётгани шулар жумласидандир. Бугунги Меморандумни имзолашдан мақсад эса, мамлакатимизда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда аҳолининг бола ҳуқуқлари соҳасидаги ижтимоий тафаккурини оширишга кўмаклашиш, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий институтларининг ролини янада кучайтириш, бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини янада кенгайтиришдир.

– Мамлакатимиз аҳолисининг 40 фоизидан ортиғини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади, – деди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова. – Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 70 дан ортиқ халқаро шартномага аъзо бўлган, мамлакатимизда бола ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида мустаҳкам миллий ҳуқуқий база ҳам яратилган.

Биз ўз фаолиятимизда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини давлат томонидан ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш, болалар ва уларнинг қонуний вакиллари орасида тушунтириш ишларини олиб бориш, давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ҳокимият органлари, жамоатчилик ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кўмаклашиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар билан шуғулланамиз. Бола ҳуқуқлари соҳасида Ҳаракатлар стратегияси доирасида белгиланган мақсад-вазифаларни рўёбга чиқариш учун “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ўзаро ҳамкорлик қилиш биз учун аҳамиятли ва ишонаманки, биргаликдаги бу саъй-ҳаракатларимиз самарали бўлади ҳамда кутилган натижаларни беради.

Шундан сўнг “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни имзолашди.

Мазкур ҳужжатга кўра, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти, хусусан, фуқаролар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокида болаларнинг ҳуқуқ-эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган тарғибот тадбирларини амалга ошириш ҳамда соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, ҳамкорликда конференция, семинар-тренинг, давра суҳбатлари ва бошқа шу каби тадбирларни ташкил этиб бориш назарда тутилган.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.