"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
“ИЛМ, МАЪРИФАТ ВА РАҚАМЛИ ИҚТИСОДИЁТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙИЛИ” ДАВЛАТ ДАСТУРИДА БЕЛГИЛАНГАН ЯНА БИР МУҲИМ ВАЗИФАНИНГ ИЖРОСИ ТАЪМИНЛАНДИ
494 | 15 Окт. 2020 й.


Маълумки, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 138-бандида «Рақамли Ўзбекистон — 2030» дастурини ишлаб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонини қабул қилиш чора-тадбири белгиланган эди.

Унда телекоммуникация соҳаси, давлат хизматларини кўрсатиш, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари, соғлиқни сақлаш, давлат кадастри ва бошқа соҳаларда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, бу борада «Рақамли Ўзбекистон — 2030» дастурини тасдиқлаш; электрон ҳукуматнинг техник инфратузилмасини такомиллаштириш; инсон капиталини ривожлантириш ҳамда кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш; давлат хизматларини рақамли шаклга трансформация қилиш ва ахборот экотизимини ривожлантириш; давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳолининг электрон иштироки даражасини ошириш; ахборот хавфсизлигини, ахборот ресурслари ва тизимларининг ҳимоясини таъминлаш; рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат соҳасидаги ягона ваколатли органни белгилаш ҳамда Ҳукумат, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида раҳбарнинг рақамли технологиялар ва электрон ҳукумат масалалари бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш каби масалалар назарда тутилганди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрда қабул қилган “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6079-сон Фармони билан ушбу банд ижроси таъминланди.

Мазкур Фармон билан:

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”;

2020–2022 йилларда ҳудуд ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш дастурлари тасдиқланди.

Бунда, 2020 — 2022 йилларда ҳудуд ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш доирасида:

аҳоли пунктларини Интернет тармоғига улаш даражаси, шу жумладан кенг полосали уланиш портлари 2,5 миллионгача кўпайтирилиб, 20 минг километр оптик-толали алоқа линияларини қуриш ва мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш орқали 78 фоиздан 95 фоизга етказилади;

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг турли соҳаларида 400 дан ортиқ ахборот тизимлари, электрон хизматлар ва бошқа дастурий маҳсулотлар жорий этилади;

587 минг нафар кишини, шу жумладан «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида 500 минг нафар ёшларни қамраб олиш орқали компьютер дастурлаш асосларига ўқитиш ташкиллаштирилади;

иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларидаги корхоналарда бошқарув, ишлаб чиқариш ва логистика жараёнларини автоматлаштириш бўйича 280 дан ортиқ ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар жорий этилади;

ҳудудларда ҳокимлар, давлат органлари ва ташкилотлар ходимларининг рақамли саводхонлигини ва малакасини ошириш, уларни ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги бўйича ўқитиш учун тегишли олий таълим муассасалари бириктирилади ҳамда уларнинг 12 минг нафар ходими ахборот технологиялари соҳасида ўқитилади.

Шунингдек, 2020 — 2022 йилларда «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича «йўл харита»си мувофиқ:

электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича:

2021 йил 1 январдан бошлаб тажриба тариқасида «Рақамли Тошкент» комплекс дастури доирасида жисмоний шахсга идентификация ID-картасини беришда давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро электрон муносабатларни йўлга қўйиш учун унинг шахсий кабинети шакллантирилади;

2021 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат харидларини амалга ошириш, патентлар, дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатга олиш, жамоат транспорти ҳаракати, ер ресурсларидан фойдаланиш ва бошқа умумфойдаланишдаги статистик маълумотлар онлайн режимда жойлаштириб борилиши таъминланади;

2021 йил 1 августдан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларга барча белгиланган давлат божлари, йиғимлар, жарималар ва бошқа мажбурий тўловларни электрон тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда онлайн режимда тўлаш имконияти тақдим этилади;

рақамли индустрияни ривожлантириш бўйича:

2020 йил 1 ноябрдан бошлаб Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резиденти мақомини ахборот технологияларига ўқитиш, аппарат-дастурий воситаларни ишлаб чиқиш ва реализация қилиш, робототехника, Интернет тармоғи орқали ахборот хизматларини экспорт қилиш, шунингдек, маълумотларни сақлаш ва ҳисоблаб қайта ишлаш соҳасида хизмат кўрсатадиган Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланган юридик шахслар олиши мумкин бўлади;

2022 йил 1 январга қадар масофадан кредит маҳсулотларини реализация қилиш, омонатлар ва ҳисоб рақамларни очишни ўз ичига олган кенг турдаги онлайн хизматлар кўрсатишни таъминлаш орқали тижорат банкларининг рақамли трансформацияси якунига етказилади;

рақамли таълимни ривожлантириш бўйича:

2021 йил 1 январдан бошлаб фуқаролар томонидан тизим бошқаруви, маълумотлар базаси ва «булутли» платформани бошқариш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларда халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини қоплаш тизими жорий этилади;

2021 йил 1 сентябрга қадар ҳар бир туман ва шаҳарда мавжуд инфратузилма объектлари негизида кенг аҳоли қатламлари, айниқса ёшлар ва аёллар учун рақамли технологиялар ўқув марказлари очилади;

2023 йил якунига қадар барча туман ва шаҳарларда ўқувчиларнинг ижодий ривожланиши ва компьютер дастурлаш асосларини ўрганиши учун мавжуд таълим муассасалари негизида 200 дан ортиқ информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар босқичма-босқич ташкил этилади;

рақамли инфратузилмани ривожлантириш бўйича:

2022 йил якунига қадар ҳар бир аҳоли пункти 10 Мбит/сдан кам бўлмаган маълумотларни узатиш тезлигидаги Интернет тармоғига уланиш имконияти билан таъминланади;

2022 йил 1 январга қадар барча машҳур сайёҳлик жойлари юқори тезликдаги Интернет билан таъминланади.

Фармон билан 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи барча учун очиқ бўлган маҳаллий дастурий маҳсулотлар ва IT-хизматлар электрон платформасини яратиш кўзда тутилмоқда:

маҳаллий IT-компаниялар ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ҳамда уларнинг маҳсулотлари ва хизматларининг ягона маълумотлар базасини шакллантириш, шунингдек, уларга ўз маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда илгари суришда кўмаклашиш;

давлат органлари ва ташкилотларида ахборот тизимлари ва бошқа дастурий маҳсулотларни жорий этиш бўйича режалаштирилаётган лойиҳалар тўғрисида маълумотларни эълон қилиш;

мамлакатда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг амалий масалаларини ҳал қилиш ҳамда ахборот технологиялари соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш жараёнида самарали ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш.

Мазкур Фармон билан белгиланган йилларда ҳудуд ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш дастурлари доирасида, жумладан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг турли соҳаларида 400 дан ортиқ ахборот тизимлари, электрон хизматлар ва бошқа дастурий маҳсулотлар жорий этилиши белгилаб қўйилди.

Фармон билан 29 та намунавий туман (шаҳар)ларда 2020 йилда ва 2021 йил I чораги якунига қадар рақамли трансформация қилиш лойиҳалари амалга оширилади.

2020 йил 1 ноябрдан инвестиция лойиҳалари ҳамда жалб этилаётган халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ва донор мамлакатлар маблағларининг 5 фоиздан кам бўлмаган қисми "рақамли" компонентларга йўналтирилади.

Фармонга мувофиқ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш ҳамда Адлия вазирликлари ва улар тасарруфидаги ташкилотларда “Рақамли идора” лойиҳаси амалга оширилади.

Лойиҳа доирасида, жумладан, 2022 йил 1 январга қадар қоғозсиз электрон ҳужжат алмашинуви ва иш юритишни ташкил қилган ҳолда барча маъмурий тартиб-таомиллар ва операцион жараёнлар рақамлаштирилади.

2021 йил 1 августдан давлат божлари, йиғимлар, жарималар ва бошқа мажбурий тўловларни онлайн режимда тўлаш имконияти яратилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, Давлат раҳбарининг “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан қабул қилинган “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 2.5-бандида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан ишлаб чиқилган қатор таклифлар ҳам инобатга олинган. Хусусан:

– aхборот технологиялари соҳасида масофавий, онлайн ва виртуал ўқитиш технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш, онлайн курслар учун платформалар ишлаб чиқиш;

– аҳоли ўртасида рақамли кўникмаларни ривожлантириш соҳасида йирик IT-корхоналарни жалб қилган ҳолда давлат хусусий шериклик механизмларини ташкил қилиш;

– аҳоли ўртасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш учун «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини амалга ошириш;

– давлат хизматчиларининг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги кўникмалари ва малакаларини ошириш механизмини ривожлантириш ва доимий такомиллаштириб бориш;

– рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини баҳолаш механизмларини ишлаб чиқиш ва бунда қуйидаги жиҳатларни инобатга олиш: ахборот саводхонлиги (қарор қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотларни топиш қобилияти); компьютер саводхонлиги (рақамли қурилмалар билан ишлаш қобилияти); медиа саводхонлиги (оммавий ахборот воситаларини танқидий ўрганиш имконияти); коммуникатив саводхонлик (замонавий рақамли алоқа воситаларидан фойдаланиш қобилияти); технологик инновацияларга (янги технологияларга) ижобий муносабатни шакллантириш

– ўқувчилар учун рақамли технологиялардан фойдаланишнинг умумий даражасини ошириш мақсадида умумтаълим мактабларининг асосий ўқув дастурларига доимий ўзгартиришлар киритиш;

– ғоялар ва янги технологиялар яратишни тарғиб қилувчи республика танловлари ва тадбирларини (хакатонлар, конкурслар, олимпиадалар ва бошқалар) ўтказиш;

– инсон капиталини ривожлантириш, шу жумладан, ихтисослашган таълимни ривожлантириш ҳамда IT-соҳасидаги касбларни оммалаштириш, IT-корхоналар учун институционал шароитларни яхшилаш ва маъмурий тўсиқларни камайтириш шулар жумласидандир.

Мухтасар айтганда, мазкур Фармон мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, барча тармоқлар ва соҳаларда, энг аввало, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.


Похожие новости