"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЯНГИ ҚОНУН: НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ ТАКОМИЛЛАШАДИ


Маълумки, «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурининг 143-бандида «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган эди.

Қонун лойиҳасида:

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талаблари ва халқаро стандартларни миллий қонунчиликка татбиқ қилиш, шунингдек, «ногирон» тушунчаси ўрнига «ногиронлиги бўлган шахс» тушунчасидан фойдаланиш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари;

давлат органларининг ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари;

ногиронликни аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг таълим олиши ва ишга жойлашишига кўмаклашиш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг замонавий шакл ва механизмларини белгилаш;

ногиронликни белгилашда қўлланилаётган усулларни тубдан такомиллаштириш ва бошқа қоидаларни назарда тутиш белгиланган эди.

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 22 июлда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2020 йил 11 сентябрда маъқулланган эди.

2020 йилнинг 15 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги Қонун имзоланиши билан Давлат дастурида белгиланган ушбу банд ижроси таъминланди.

Қонун билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий принциплари белгилаб берилди. Шунингдек, тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари фаолияти янада такомиллаштирилди.

Унга кўра, текширувдан ўтказиш тиббий ҳужжатлар қабул қилинган кундан эътиборан 10 кун ичида бепул амалга оширилади.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга оид қатор масалалар Қонун даражасида белгиланди.

Жумладан:

– ташкилотлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт иншоотлари, дам олиш, шунингдек туристик объектлардан бепул фойдаланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади;

– давлат ногиронлиги бўлган шахсларга, фуқароларга бепул тиббий ёрдам кўрсатишнинг давлат кафолатлари дастури доирасида малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши бўйича чоралар кўради;

– давлат ногиронлиги бўлган болаларнинг бепул умумий ўрта, мактабдан ташқари, ўрта махсус ва профессионал таълим олишини кафолатлайди;

– ногиронлиги бўлган шахслар учун олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида абитуриентларни қабул қилиш умумий сонининг 2 фоизи миқдорида қўшимча қабул квотаси ажратилади;

– ногиронлиги бўлган шахслар санаторий-курортда бепул соғломлаштириш, шунингдек дори воситалари, ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш учун мўлжалланган тиббий буюмлар ва ногиронлиги бўлган болалар учун махсус шифобахш озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш ҳуқуқига эга;

– ногиронлиги бўлган шахслар имтиёзли шартлар асосида ижтимоий уй-жой олиш ҳуқуқига эга;

– меҳмонхоналарда камида битта хона ўриндиқли аравачадан фойдаланадиган ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай тарзда жиҳозланиши, шунингдек эшитиш ва кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун дисплейлар ҳамда овозли қурилмалар ўрнатилиши таъминланиши шарт;

– маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ногиронлиги бўлган шахсларга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча ижтимоий кафолатлар белгилаш ҳуқуқига эга.

Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач, яъни 2021 йилнинг 16 январь кунидан кучга киради.

Муҳим аҳамиятга молий томони шундаки, ушбу Қонун ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини тартибга солиш баробарида, улар учун жамият ҳаётининг барча жабҳаларида камситилмасдан, жамиятнинг бошқа аъзолари билан тенг равишда иштирок этиш учун тенг имкониятлар яратишни назарда тутувчи инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этишга асосланган.

Шу билан бирга, Қонунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қимматини, уларнинг шахсий мустақиллигини, танлаш эркинлигини ҳурмат қилиш, ногиронлик белгисига кўра камситилишига йўл қўймаслик, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишдаги имкониятлар тенглиги, ногиронлиги бўлган болаларнинг ривожланаётган қобилиятини ва ўз индивидуаллигини сақлаб қолиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш, объектлар ва хизматларни ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ҳолда яратиш каби принциплар ўз аксини топган.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.