"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар: Ўзбекистон уларни қандай адо этмоқда?


2020 йил 12 ноябрь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар Координатори ҳамкорлигида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни амалга ошириш бўйича миллий маслаҳатлашувлар” ташкил этилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар ҳамда дипломатик корпус вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларининг бажарилиши, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг Ўзбекистоннинг учинчи Миллий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича оралиқ ҳисобот лойиҳаси, шунингдек, судлар ва адвокатларнинг мустақиллиги бўйича Махсус маърузачининг тавсияларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан БМТнинг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.

Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолиги, бу — тарихий ютуқ эканини, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ушбу соҳада давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни шакллантириш, халқаро майдонда мамлакат нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганининг ёрқин далолати эканини қайд этди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг БМТ органига аъзолик учун интилгани бежиз эмас. Бу самарадор саъй-ҳаракат давлатимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзосига юклатиладиган мажбуриятларни астойдил бажариш ва инсон ҳуқуқларини глобал миқёсда ҳимоя қилишга қатъий бел боғлаганидан далолатдир.

Давра суҳбатида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков сўзга чиқиб, ҳозирда мамлакатда инсон ҳуқуқларини таъминлашда, белгилаб қўйилган қонуний кафолатларга давлат органлари томонидан амал қилинишида фуқаролик жамияти институтлари ва ННТларнинг назорати ошиб, бу соҳада янада шаффофлик ортганлигини, хусусан, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да ҳам жами 78та банддан 23 тасини фуқаролик жамияти институтлари ва ННТлар билан амалга ошириш назарда тутилгани фуқаролик жамияти институтларига давлат идоралари билан тенгма-тенг масъулият ва вазифалар юкланаётганидан далолат эканини таъкидлади.

Қайд этилганидек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши жаҳон бўйлаб инсон ҳақ-ҳуқуқларининг таъминланиши билан боғлиқ вазиятни назорат қилиб, ҳукуматларга кўрсатма ва тавсиялар бериб боради. Энг муҳими, мазкур Кенгашга аъзо ҳар бир давлат ўз мажбуриятларини ёдда тутиши, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари билан боғлиқ мезонларга амал қилишда намуна бўлиши лозим. Ўзбекистонинг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига тақдим этган “Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар” ҳужжатида мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган ютуқлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бирга, халқаро, минтақавий ва миллий доираларда Ўзбекистоннинг истиқболдаги мажбуриятлари ва режалари батафсил тақдим қилинган.

Давра суҳбатида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашини Универсал даврий ҳисобот юзасидан билдирилган тавсияларни бажариш бўйича Оралиқ маърузаси лойиҳаси ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масаласига оид махсус маърузачиси Д.Гарсия-Саяннинг Ўзбекистонга ташрифи юзасидан тайёрланган тавсияларни бажариш бўйича тайёрланган Миллий ҳаракат режаси лойиҳаси муҳокама қилинди.

Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари Бюроси ҳамда ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги Лойиҳалари координатори ўртасида уч томонлама ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати