"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“Тараққиёт стратегияси” маркази ва YTB турк ташкилоти: ҳамкорлик сари дадил қадам


2020 йилнинг 13 ноябрь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда YTB турк ташкилоти (Хориждаги турклар ва қардош жамоалар учун президентлик) ҳамкорлигида онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида YTB турк ташкилоти Президенти, жаноб Абдуллоҳ Эрен, ўзбек ва турк халқларини кўҳна тарих ва муштарак маданият бир-бири билан чамбарчас боғлаб туришини таъкидлаб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар, хусусан, кейинги тўрт йил ичида мамлакат томонидан эришилган ютуқларга юқори баҳо берди.

Учрашувда YTB ташкилоти, унинг фаолият йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Унда айтилишича, мазкур ташкилотга 2010 йилда асос солинган бўлиб, унинг асосий фаолият йўналиши хорижда яшаётган туркларнинг маданий меросини қўллаб-қувватлашдан иборат. Ташкилот ёшларга қаратилган қатор лойиҳалар, жумладан маданий экскурсиялар, касбий тайёргарлик дастурлари, Туркия олийгоҳларида таҳсил олиш учун грантлар ажратиш, маданий саёҳатларни амалга оширади.

Шунингдек, ташкилотнинг яна бошқа бир фаолияти — Марказий Осиё мамлакатлари халқлари билан мустаҳкам алоқаларни ўрнатишдан иборат. Шу муносабат билан YTB 2011 йилдан буён турк давлатларидан Туркияга таълим олиш учун келган хорижлик талабаларга стипендия дастурларини амалга ошириб келмоқда.

Учрашувда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, турк ҳамкорларга “Тараққиёт стратегияси” марказининг фаолият йўналишлари ҳамда истиқболдаги вазифалари ҳақида атрофлича маълумот берди ҳамда Марказ YTB турк ташкилоти билан турли лойиҳалар доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини алоҳида таъкидлади.  

Учрашув якунида “Тараққиёт стратегияси” маркази YTB турк ташкилоти билан бир қатор тадқиқот лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш юзасидан ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати