Фарҳод ИШАНКУЛОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
лойиҳа раҳбари
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномаси халқимиз томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди. Давлат раҳбари таклифига кўра, 2021 йил — “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб номланди.
Мазкур Мурожаатномада ўтган йиллар давомида амалга оширилган ишлар таҳлил этилиб, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида келгуси йилларга мўлжалланган устувор йўналишлар, амалга ошириладиган ислоҳотларнинг муҳим жиҳатлари қамраб олингани алоҳида аҳамият касб этди.
Президент ўз Мурожаатида давлат бошқаруви идоралари фаолиятини тубдан такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Дарҳақиқат, мазкур соҳада сўнгги тўрт йилда тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётганига қарамай, ушбу масала ҳали ҳам долзарб бўлиб турибди. Яъни, давлат бошқаруви органларида қарорлар қабул қилиш ўта марказлашгани, ўрта бўғин раҳбарларининг мустақил қарор қабул қила олмаслиги, вазирлик ва идораларнинг функция ва вазифаларида бир-бирини такрорлаш ҳолатлари мавжудлиги, ушбу соҳада тизимли ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини кўрсатади.
Таъкидлаш жоизки, давлат бошқаруви органларининг вазифалари аниқ ва тўлиқ белгилаб берилмагани натижасида фуқароларнинг давлат идораларида сарсон бўлишига, мурожаатлари натижасини ойлаб кутишига олиб келмоқда. Бундай ҳолатлар эса фуқароларимизнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Шу сабабдан, давлатимиз раҳбари парламентга Мурожаатномасида Вазирлар Маҳкамасига бир-бирининг вазифаларини такрорлайдиган идоралар ва функцияларни, ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича икки ой муддатда ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифасини юклади. Шунингдек, келгуси йил охирига қадар электрон давлат хизматлари кўрсатишни 300 тага етказиш орқали давлат ташкилотлари иш самарадорлигини ошириш бўйича ҳам вазифалар белгиланди. Бу эса, ўз ўрнида, фуқароларга давлат хизматларидан фойдаланишда қулайликлар яратиши билан бирга, уларнинг давлат органларига бўлган ишончини янада оширади.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, ўрта бўғин раҳбарларининг билим ва малакасини ошириш, уларни иш самарадорлигини баҳолаб бориш тизимини жорий қилиш бугунги замон талабидир. Сир эмаски, қабул қилинаётган қарор ва фармонлар, қонунларнинг жойларда ижроси етарлича таъминланмаяпти. Бунга эса, Президент таъкидлаганидек, ҳудудий раҳбарларнинг ҳудудий масалаларни ҳал қилишда ё билими етишмаслиги, ё қатъияти етмаслиги ёки коррупцияга берилгани сабаб бўлмоқда. Натижада ҳудудлардаги кераксиз йиғилишлар ва бюрократик тўсиқлар муаммоларни тўпланиб қолишига ҳамда аҳолининг ишончсизлигига сабаб бўлмоқда.
Шу сабабдан, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ўзларининг қуйи тизим раҳбарлари ва ходимларини янгича талаблар ва замонавий ахборот технологиялари асосида самарали ишлашга ўргатиш ва малакасини мунтазам ошириб бориш учун масъул этиб белгиланди. Шунингдек, келаси йил бошидан ҳар бир вазирлик ўз ишини туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштиради ва ташкил этади.
Мухтасар айтганда, давлат бошқарувида туб ислоҳотларни амалга ошириш замирида халқимиз фаровонлигини таъминлаш, ҳудудлар инфраструктурасини яхшилаш ва тараққиётимизни янги босқичга кўтаришдек эзгу мақсадлар мужассам.
Давлат раҳбарининг мазкур Мурожаатномасида илгари сурилган вазифалар ҳам келгуси йил Давлат дастурида ўз аксини топади ва табиийки, уларнинг ижросини таъминлашда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳам фаол саъй-ҳаракатларни амалга оширади.