• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш мақсадида яхлит ва узлуксиз тизим яратилади
4607 | 30 Дек. 2020 й.

Фаррух ХАКИМОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
лойиҳа координатори
 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тугаётган йилдаги асосий натижалар, янги йилга мўлжалланган режа ва устувор вазифалар юзасидан Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатида 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб номлаш таклифи билдирилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур таклиф мамлакатимизда олиб борилаётган ёшлар бўйича давлат сиёсатининг мантиқий давоми сифатида муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш мақсадида яхлит ва узлуксиз тизим яратилиши, шубҳасиз, ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга кўтаради. Президент эътироф этган ушбу яхлит тизим бола туғилганидан бошлаб, то 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама давлат томонидан қўллаб-қувватланишини назарда тутади.

Асосий эътибор ёш авлодга таълим тизимининг барча босқичларида сифатли ва замонавий таълим-тарбия беришга, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни ўргатишга ҳамда уларни муносиб иш ўринлари ва уй-жой билан таъминлашга қаратилиши Президент томонидан таъкидланди.

Дарҳақиқат, бугунимиз ва келажагимиз бўлган ёш авлоднинг ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлишларида, уларнинг миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатли ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайишларида кучли ижтимоий химоя, сифатли таълим, замонавий билим ва тажрибалар муҳим аҳамиятга эга.

“Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида кичик ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси икки баробарга ортди, халқ таълими тизимида Президент ва ижод мактаблари, математика, кимё ва биология фанлари бўйича махсус мактаблар ташкил этилди, замонавий профессионал таълим тизими шакллантирилди ҳамда ёшларнинг олий таълим билан қамраб олиш даражаси 25 фоизга етди. Келгуси йилда эса мазкур йўналишларда ислоҳотларни изчил давом эттириш орқали  ёшларни замонавий билимлар, илғор хорижий тажрибалар асосида ўқитиш ва шу орқали рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлодини шакллантириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ҳам Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да  бошқа барча устувор йўналишлар қатори, ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим сифатини ошириш, ёшлар бандлигини таъминлаш, турмуш шароитларини яхшилаш ва бошқа долзарб масалаларда изланишлар олиб бориб, тегишли идораларга таклиф-тавсиялар ишлаб чиқишни ҳамда мутахассислар ва фаол ёшлар иштирокида турли халқаро анжуманлар ташкил этишни режалаштирмоқда.

 


14
Похожие новости