• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Янги Ўзбекистон тараққиётида муҳим ўрин тутувчи тарихий нутқ
2358 | 30 Дек. 2020 й.

Раҳмат МАМАТОВ,
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири,
Олий Мажлис Сенати аъзоси


Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари аъзолари ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси барча юртдошларимиз, кенг жамоатчилик ҳамда халқаро кузатувчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Давлатимиз раҳбари ўз сўзи аввалида жорий йил давомида инсоният бошига келган улкан синов — коронавирус касаллиги ва унинг халқимиз турмуш тарзига таъсири ҳақида тўхталиб ўтар экан, юртдошларимиз бу қийин кунлардан ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ўтиб келганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, саховатли халқимизнинг меҳру-муҳаббати, ҳиммати ўша қийин кунларда фуқароларимизга катта мадад бўлганлигини айтиб ўтди.

Кейинги йиллар давомида давлатимиз томонидан ёшлар сиёсати бўйича олиб борилаётган туб ислоҳотлар замирида келажак авлод камолотини таъминлаш, уларни жамиятнинг энг муҳим ташаббускори сифатида камол топтириш каби эзгу ғоя ётганлиги барчамизга яхши маълум. Мурожаатномада мазкур масалаларга ҳам алоҳида урғу берилиб, ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг энг муҳим вазифаси эканлиги айтиб ўтилди. Айниқса, фарзандларимизнинг таълим-тарбиясини янада яхшилаш, бу борада  “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” ғояси асосида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширилиши белгилаб ўтилди.

Мазкур фикрларга ҳамоҳанг равишда Президентимиз томонидан кириб келаётган 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном беришнинг таклиф этилгани, аминманки, барча юртдошларимиз томонидан катта хурсандчилик билан қабул қилинди. 

Давлатимиз раҳбари ёшларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича мавжуд кўрсаткичларни янада ошириш бўйича ўз фикрларини билдириб ўтар экан, бу борада энг аввало, эҳтиёжманд оила фарзандларини қўллаб-қувватлаш энг муҳим вазифалардан бири эканлигини билдириб ўтди. Жумладан, кейинги йилдан бошлаб олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун давлат грантлари сонини 2 баробарга кўпайтириб, уларнинг сонини 2 мингтага етказиш, аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда яшаётган қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилишини маълум қилди.

Шунингдек, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этилиши таъкидлаб ўтилди. Унга кўра, 2021 йилда 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида, биринчи марта давлат бюджетидан 50 миллиард сўм ажратилади. Айтиш мумкинки, ҳаётга жорий этилаётган мазкур амалиёт орқали кўплаб эҳтиёжманд оилалар турмуш тарзида қатор енгилликлар пайдо бўлади, ота-она меҳрига тўймаган юзлаб фарзандларимиз ҳаётида янги саҳифа очилади.

Мурожаатномада бир қатор соҳалар қатори маҳалла тизимида олиб борилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари, содир бўлаётган ўзгаришлар ва бунга аҳолининг муносабати, уларнинг кайфияти, аввало, маҳаллада акс этиши, маҳаллада сезилиши ҳақида таъкидлаб ўтди. Давлатимиз раҳбари бу борадаги ўз фикрларини давом этар экан,  “...шу маънода, “маҳалла – ёруғ юзимиз ва виждонимиз кўзгуси”, десак, тўғри бўлади”, дея, маҳалланинг одамлар ҳаётида нақадар муҳим маскан эканлигига муносиб баҳо бериб ўтди.

Дарҳақиқат, бугун “тепадан — пастга” тамойили асосида барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар механизмида маҳалланинг ўрни ва аҳамияти ортиб бормоқда. Айниқса, фуқаролар йиғинлари раисларининг жараёнлар марказида бўлиши, маҳалласидаги мавжуд муаммоларни энг муҳим масала сифатида маҳаллий ҳокимликлар олдига қўйиши бўйича янги амалиёт тизими яратилмоқда. 

Мурожаатномада мазкур иш тизимини йўлга қўйиш учун бугунги кунда барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, уларнинг кўрсатаётган натижаларини одамлар ўз ҳаётларида сезиши лозимлиги таъкидланди.

Маҳалланинг нуфузини ошириш, бунинг учун фуқаролар йиғинларининг моддий-техник имкониятлари, тизим ходимларининг моддий таъминотини яхшилаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш бўйича тавсиялар билдириб ўтилди.

Келтириб ўтилганидек, мазкур масалаларни тўлақонли ҳал этиш мақсадида жорий йилда туманлар бюджетига қўшимча манбаларнинг камида 10 фоизини бевосита маҳалладаги муаммоларни ҳал этишга сарфлаш бўйича ишларни бошланиб, бу мақсадларга 70 миллиард сўм ажратилди. Эндиликда эса бу ваколатлар янада кенгайтирилиб, туман бюджети харажатларининг яна 5 фоизи қўшимча равишда ана шундай мақсадларга йўналтириш бўйича янги тартиб жорий этилади ва маҳаллалардаги аҳоли долзарб деб ҳисоблайдиган муаммоларни ҳал этишга сарфланади.

Юртбошимиз ўз нутқи давомида маҳалла тизими ходимларининг ваколат ва ҳуқуқларини ошириш бўйича аниқ масалаларни ўртага ташлар экан, маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ваколатларини кенгайтириб, уларга жойлардаги аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш бўйича зарур ҳуқуқ ва имконият бериш бўйича ўз фикрларини билдирди. Энг муҳими, бу янги амалиётга кўра, эндиликда маҳалла раиси маҳаллий ҳокимлик кенгаши мажлисларида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган масалаларни муҳокамага қўяди ва уларнинг ечими бўйича ўзининг аниқ таклифларини билдиради. Бу ташаббус, ўйлайманки, маҳалладаги аҳоли  муаммоларни тезкор ҳал қилиш бўйича тизим ходимларига катта имконият беради.

 

 


2
Похожие новости