"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
АДОЛАТ ВА ИНСОНПАРВАРЛИК – СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРИНИНГ УСТУВОР МЕЗОНИ
219 | 30 Дек. 2020 й.

Нилуфар НОДИРХОНОВА,
«Тараққиёт стратегияси» маркази
бўлим бошлиғи.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга йўлланган навбатдаги Мурожаатномасида демократик жамият ва ҳуқуқий давлат қуришнинг муҳим жиҳатлари ҳақида батафсил фикр юритилди. Хусусан, Давлатимиз раҳбари суд-ҳуқуқ ислоҳотлари масалаларига атрофлича тўхталар экан, адолат, бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдевори эканига алоҳида урғу берди. Президент эътироф этганидек, сўнгги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида мамлакатимизда дадил қадамлар қўйилди. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ Қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Шу нуқтаи назардан, ушбу устувор соҳадаги кейинги ислоҳотлар борасидаги масалалар ҳам долзарб аҳамиятини йўқотмайди. Хусусан, Президент томонидан «бир суд – бир инстанция» тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши, ишларни назорат тартибида кўриб чиқиш амалиётини бекор қилиш, фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судни битта суд сифатида бирлаштириш, суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиётини жорий этиш, суд тизимини рақамлаштиришни янада кенгайтириш ва бошқалар муҳим вазифалар экани қайд этилди. Шунингдек, Мурожаатномада жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасидаги ишларни давом эттириш, қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш, фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқароликни бериш бўйича ҳам зарур чора-тадбирлар амалга оширилиши эътироф этилди.

Табиийки, Президентнинг мамлакатда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳақидаги фикрларининг мазмун-моҳиятини англашда, хусусан, бу ташаббусларни кўриб чиқишда бошланғич нуқтага айланиши лозим бўлган иккита савол туғилади: нима учун Давлат раҳбари, айнан ушбу масалаларни кўтариб чиқди ва бу халққа нима беради?

Ушбу долзарб саволларга жавоб бериш асносида, энг аввало, шуни таъкидлаш лозимки, судлар ишини бирлаштириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш имкониятини кенгайтириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш узоқ вақт давомида долзарб масалалардан бўлиб келди. Айнан Давлат раҳбарининг сўнгги 4 йил давомидаги саъй-ҳаракатлари туфайли ушбу масалаларни ҳал этиш борасида муҳим ўзгаришлар юз бермоқда. Ушбу соҳадаги ислоҳотлар Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишидан бири сифатида белгиланган. Ислоҳотлар судьяларни ўзига хос бўлмаган функцияларни бекор қилиш, суд органларининг самарали ишлашига тўсқинлик қилувчи элементларни бартараф этишга қаратилган, чунки бу омиллар суднинг давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқларидан мустақил бўлишига тўсқинлик қилади, натижада халқнинг суд тизимига бўлган ишончи камаяди. Шу муносабат билан Президент томонидан билдирилган ушбу ташаббуслар давлат ва жамиятнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги ишлар ҳолатини янада яхшилаш, адолатни таъминлаш ва мамлакатда одил судловга нисбатан бўлган ишончни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар эшигини очиш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқламоқда.

Энди, халқ учун аниқ ижобий натижаларга келсак, бунда еттита жиҳатни таъкидлаб ўтиш мақсадга мувофиқ.

Биринчидан, жорий йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та суд битта судга бирлаштирилади. Бу янгилик аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратади.

Иккинчидан, келгуси йилдан суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, қисқа муддатларда ўзининг якуний қарорини қабул қилади.

Учинчидан, инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди. Энди инвестор ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин бўлади.

Тўртинчидан, суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларга суд биносига келиб юрмасдан, «онлайн» тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади, шунингдек, улар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб боришлари мумкин бўлади. Бу, фуқароларга нафақат ўз вақтларини тежаш имкониятини беради, балки судларга ҳужжат топширишдаги турли асаббузарликларнинг олдини ҳам олади. Шунингдек, ушбу янгилик фуқароларнинг одил судловга эришиш имкониятини кенгайтириш нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳим саналади.

Бешинчидан, инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаган ҳолда, бундан буён биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилса, у манзил-колонияга ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри пробация назоратига олинади. Мазкур енгиллик натижасида ҳозирда жазони ўтаётган 6 минг нафар шахсга ўз маҳалласи назорати остида, оиласи бағрида бўлиш имконияти яратилади.

Олтинчидан, Омбудсман ваколатлари кенгайтирилиб, шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтирилади. Бунда Омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига «мониторинг ташрифлари» тизими йўлга қўйилади. Бу, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун жуда муҳим қадам саналади.

Еттинчидан, бундан буён юртимизда 15 йил давомида муқим яшаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини беришнинг доимий тартиби жорий қилинади. Давлат раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2005 йилгача мамлакатимизга келиб доимий яшаётган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролиги берилишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу билан 20 минг киши Ўзбекистон фуқароси бўлиш имконига эга бўлади, мамлакат фуқаросининг паспортини олиш қувончини бошдан кечиради ҳамда ушбу ҳуқуқий мақом орқали бериладиган барча имтиёз ва имкониятлардан фойдаланади.

Умуман олганда, Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятига таянган ҳолда шундай хулоса қилиш мумкинки, сўнгги пайтлардаги барча қийинчилик ва синовларга қарамасдан, Ўзбекистон мамлакатдаги ислоҳотлар кун тартибини янада ривожлантиришга қатъий эътибор қаратмоқда ва бу борадаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари Ҳаракатлар стратегиясининг асосий пойдевори ҳисобланади. Президент Мурожаати келгусида амалга ошириладиган туб ислоҳотларнинг концептуал асоси бўлиб, мамлакатимизда ҳаётнинг барча жабҳаларига адолат ва инсонпарварлик тамойилини сингдиришга бўлган юксак сиёсий ироданинг ёрқин далилидир.

 


4
Похожие новости