"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ИШЛАРНИ НАЗОРАТ ТАРТИБИДА КЎРИШ ИНСТАНЦИЯСИ ТУГАТИЛИБ, ЯНГИ ТАРТИБЛАР ЖОРИЙ ЭТИЛДИ

“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 42-бандида cуд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш институтини такомиллаштириш белгиланган эди. Хусусан, бу борада қабул қилиниши мўлжалланган қонун лойиҳасида суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш тартибини илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, фуқаролар учун одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апелляция ва кассация инстанцияларини ислоҳ қилиш, назорат тартибида иш юритиш институтини бекор қилиш назарда тутилганди.   
 

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йилнинг 12 январь куни “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни имзолади. Қонун билан Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, ишларни назорат тартибида кўриш инстанцияси тугатилди.
 

Шунингдек, инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларнинг иқтисодий судларга тааллуқли эканлиги белгиланди. Ишлар инвестициявий низо бўйича йирик инвесторнинг, рақобатга оид иш бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра Олий суд томонидан кўрилади.
 

Прокурорларнинг барча иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилинди. Эндиликда прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси билан қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин.
 

Яна бир янгилик шундан иборатки, Бизнес омбудсманга ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бериш ҳуқуқи тақдим этилди. Бундан ташқари, Олий суд судьяси кассация шикояти бўйича иқтисодий суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли эканлиги белгиланди. Назорат инстанцияси бекор бўлган бўлсада, кассация тартибида кўрилган иш такроран кўрилиши мумкин.
 

Шунингдек, жорий йилнинг 12 январь куни “Суд қарорларини қайта кўриш институтининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун ҳам Президент томонидан имзоланди.
 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар эндиликда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилади. Фуқаролар бундан буён ўз ҳисобидан маъмурий баённоманинг кўчирма нусхасини, шунингдек суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзувини олишга ҳақли.
 

Қонун билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарор устидан маъмурий баённомани тузган орган томонидан ҳам шикоят берилиши мумкинлиги белгиланди.
 

Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни назорат тартибида кўриш бекор қилиниб, апелляция инстанцияси жорий этилди.
 

Суд ҳужжатининг ноқонунийлиги, асослантирилмаганлиги билан бир қаторда уларнинг адолатсизлиги ҳам суд ҳужжатини кассация тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлиши белгиланди.
 

Кассация инстанцияси суди маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни Олий суд раиси, Бош прокурор ёки уларнинг ўринбосарлари киритган протестга кўра кассация тартибида такроран кўради.
 

Юқоридаги Қонунларнинг қабул қилиниши билан “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 42-банди ижроси таъминланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.