"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

МУДОФАА СОҲАСИДА ЭРИШИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР АВВАЛО, ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ ВА УНИНГ АСОСИДА ҚАБУЛ ҚИЛИНАЁТГАН ДАВЛАТ ДАСТУРЛАРИ ИЖРОСИНИНГ МАҲСУЛИДИР


Она юрт тинчлиги ва осойишталигидан азизроқ неъмат борми, бу дунёда?! Уни муҳофаза қилишдан ҳам улуғвор жасоратчи? Йўқ, албатта.

 

Ҳарбийлар, том маънода ана шундай жасорат ва матонат тимсолларидир. Бу касб инсондан чинакам ватанпарварликни, фидойиликни, метин иродани талаб этади.
 

Ҳарбийлар бугунги тинч-осойишта, дориломон, фаровон ҳаётимизнинг кафолати. Улар бор экан, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, сарҳадларимиз мустаҳкам. Шу боис ҳам ҳарбийлик — мардлар касби дейилади, Ватан ҳимоячилари доимо улуғланади, шарафланади.
 

Президент Шавкат Мирзиёев куни кеча Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида: “Биз баҳодир ва довюрак ҳарбийларимиз билан – ўзининг муқаддас қасамёдига содиқ қолиб, хизмат бурчини ерда ҳам, кўкда ҳам шараф ила адо этаётган юртимизнинг забардаст ўғлонлари билан ҳақли равишда фахрланамиз”, дея ҳарбийларимизнинг меҳнати ва жасоратини муносиб эътироф этди.
 

Давлат раҳбари ўз табригида Қуролли Кучлар тизимида сўнгги тўрт йил ичида амалга оширилган кенг кўламли ишларга ҳам тўхталиб ўтди.
 

Хусусан, бундан тўрт йил олдин Ўзбекистонда ҳарбий қурилиш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича энг муҳим ва устувор йўналишлар белгилаб олингани, шу асосда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш учун кенг кўламли ишлар амалга ошираётгани алоҳида таъкидланди. 
 

Дарҳақиқат, ўтган қисқа даврда янги Мудофаа доктринаси қабул қилинди, ҳарбий тузилмаларнинг таркиби ва вазифалари чуқур қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, Миллий Армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминлаш бўйича ўта муҳим лойиҳалар амалга оширилди.
 

Давлат раҳбари тарихимизда биринчи марта ўз моҳиятига кўра ноёб тизим – ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилгани ҳақида тўхталиб ўтар экан, бундай иш усули жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга фаол жалб этиш учун имкон берганини, энг муҳими, “Армия ва халқ – бир тану бир жондир” деган улуғ ғояни амалда таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
 

Ўзбекистон раҳбари ўз табригида бу йилнинг мамлакатимиз учун синовли келгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Чиндан ҳам, 2020 йил бутун дунё, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам синовли йил бўлди. Коронавирус пандемияси етмаганидек, Бухорода юз берган табиий, Сирдарёда содир бўлган техноген офатлар халқимиз матонатини синовдан ўтказди, иродасини тоблади. Табрикда мазкур офатларни бартараф этишда ҳисса қўшган ҳарбийларнинг меҳнати ҳақли равишда эътироф этилди.
 

Шундай мураккаб вазиятда ҳам Қуролли Кучлар Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилди. Минтақамизда ягона бўлган ушбу янги академия ҳарбий тиббиёт соҳасида, фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда иштирок этадиган юқори малакали ва ихтисослашган кадрлар тайёрлашга хизмат қилади. 
 

Бугунги кунда мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратимоқда. Ҳарбийлар учун янги хонадонларнинг топширилаётгани, уларнинг оила аъзолари учун қўшимча равишда кўплаб янги иш ўринлари яратилаётгани, 3 мингдан зиёд ҳарбий пенсионер ишга жойлаштирилгани, ҳарбий хизматчиларнинг мингдан ортиқ фарзандларига олий ўқув юртларида таълим олишлари учун давлат грантлари ажратилаётгани фикримиз далилидир.
 

Ўрни келганда айтиш жоизки, бугун мазкур соҳада эришилаётган натижаларда бундан қарийб тўрт йил аввал Давлат раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси муҳим асос бўлмоқда. Боиси, Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи устувор йўналишидан айнан Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш, фуқаролик, миллатлараро ва конфессиялараро тинчлик ҳамда тотувликни ҳамда давлатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг жанговар қудрати ва салоҳиятини ошириш билан боғлиқ муҳим вазифалар ўрин олган.
 

Шуни таъкидлаш керакки, Ҳаракатлар стратегияси асосида ҳар йили қабул қилинаётган Давлат дастурларида мудофаа тизимини ислоҳ қилиш билан боғлиқ кўплаб вазифалар белгиланмоқда ҳамда уларнинг ижроси изчил таъминланяпти. 
 

Ўйлаймизки, 2021 йилда қабул қилинадиган Давлат дастурида ҳам мазкур соҳада муҳим вазифалар ўрин олади, бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини яна бир поғонага кўтаришга хизмат қилади. 
 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.